Оилани, рўзғорни тоза ва саришта тутишга аввало, биз масъулмиз

 

Бугун бутун дунё аҳли таҳликали вазият, оғир ва синовли кунларни бошидан кечирмокда. Бунга барчамиз жиддий кўз билан карашимиз ва бу балони енгишда бир тану жон бўлиб, биргаликда ҳаракат килишимиз зарур.

Дунё мутахассислари томонидан тавсия этилаётган, талаб этилаётган тартиб ва қоидаларга амал қилишда биз аёлларнинг ўрни, роли муҳим аҳамият касб этади. Вируснинг юқиши ва тарқалишининг олдини олишда биринчи навбатда уйда қолиш ва тозаликка риоя этиш муҳим ҳисобланади. Оддийгина гигиена ҳаёт тарзимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиши керак. Демак, оила, хонадон саришталиги ва тозалигига эътибор берсак, гигиена талабларига қаттиқ риоя қилсак, фарзандларимизни тоза, озода тутиб, уларни уйда олиб ўтирсак, вирус бизга хавф сола олмайди.

Азиз аёллар! Келинг, ўзимизга ўзимиз савол билан мурожаат этайлик: Бугунги синовли кунларда уйда қолиб, ўз олдимиздаги оддий бурч ва вазифаларни қай даражада адо этаяпмиз?

Оила аъзоларимизнинг барчасини уйда қолишига эришдикми? Уларнинг ҳаммаси никоб билан таъминландими, ниқобларини уз вактида алмаштириб турилганлигини назорат килаяпмизми? Зарурат билан уйдан кўчага чиққан оила аъзоларимизни уйга киргани билан қўл ва юзларини совунлаб ювишларини эслатиб турибмизми? Зарарсизлантирувчи, дезинфекцияловчи моддалар ёрдамида вақт-вақти билан хонадонимизни, уй жихозлари ва анжомларимизни тозалаяпмизми?

Албатта, хонадон аёли буларни назорат қилиши ва ўз вақтида ташкил этиши керак. У бунга бевосита масъулдир. Шунда ўзимизни, жондан азиз фарзандларимиз, яқинларимизни коронавирусдан ҳимоя қила оламиз.

Барчамиздан биргалашиб, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этишимиз сўралмоқда. Эътибор беринг, биздан кўп нарса талаб этилмаяпти, уйда қолиб, ўзимизни, яқинларимизни вирусдан асраш сўралаяпти холос.

Келинглар, азиз аёллар бирлашайлик, яхшилик йўлида қўлимиздани келадиган ишларни, ваифаларимизни сидқидилдан адо этайлик.

Ўзбек аёли меҳнаткаш, заҳматкаш, болажон ва оилапарвардир. Яқинларимизни, оиламизни, жигарларимизни ва булар орқали, ўзбек халқини, ватандошларамизни, қолаверса, бутун дунё аҳлини коронавирусдан ҳимоя қилишга ҳиссамизни қўшайлик!


Гулшан Асатова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш