Парламентдаги ХДП фракциясида ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи қизғин муҳокама этиляпти

 

Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёнини янги даражага кўтариш ислоҳотларнинг бугунги босқичида долзарб вазифага айланган. Ушбу вазифа бажарилиши минтақавий ва халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик қай даражада самарали йўлга қўйилишига чамбарчас боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил парламентга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги мавзусига алоҳида тўхталиб, ушбу чуқур масала Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилиши, халқ манфаатлари ва хоҳиш-иродаси нуқтаи назаридан хулоса чиқарилиши ҳар томонлама тўғри бўлишини такъидлаган эди.

Шу кунларда Олий Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи бўйича таҳлилий ва баҳолаш ишлари бошланди.

Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ҳам онлайн мулоқот шаклидаги йиғилишида ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларини чуқур ўрганишга тайёргарлик жараёнини самарали ташкил этиш билан боғлиқ вазифаларни кўриб чиқди.

Фракция аъзолари мамлакат иқтисодиётининг минтақада ва дунё миқёсида интеграциялашуви жараёни партиянинг бош мақсади ҳисобланган халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда, ижтимоий муҳофаза тизимининг барқарор ишлашини таъминлашда долзарб аҳамият касб этишини такъидлашди.

Шу билан бирга, иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик масаласини ўрганишда халқимиз манфаатларини биринчи ўринга қўйиш кераклиги, даромади барқарор бўлмаган қатлам вакиллари мамлакат иқтисодиётидаги сезиларли ўзгаришлардан кейин қандай вазиятга тушиши мумкинлигини ҳисобга олиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётимизга таъсирини тизимли ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш зарурлиги, бунинг учун биринчи навбатда ҳукумат ва мутасадди вазирлик-идоралар зарурий маълумотлар ва таҳлилий материалларни тақдим этиши кераклиги қайд этилди.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, ЕОИИ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш иқтисодиётнинг қайси тармоқларига фойдали бўлиши, аксинча, қайси тармоқларига қийинчилик ва муракккабликлар туғдириши ҳақида аниқ ва ишонарли таҳлиллар олиб борилиши зарур.

Шунда парламент аъзоларида, кенг жамоатчиликда ЕОИИ билан ҳамкорликнинг самарали жиҳатлари ва салбий оқибатлари ҳақида равшан тасаввур ҳосил бўлади. Бу ўз навбатида келажакка хизмат қиладиган хулосалар чиқаришда муҳим асос вазифасини ўтайди.

Йиғилишда фракция аъзолари халқимизнинг умум манфаатлари билан боғлиқ масалани тизимли ўрганиш зарурлигини яна бир таъкидлаб, ҳукумат ва керакли вазирлик-идоралар билан, улардан олинган маълумот ва таҳлилларни ўрганиш асосида сайловчилар, халқимиз вакиллари билан изчил мулоқот ўрнатиш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўртага ташлади.

Таклифларга мувофиқ, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини ўрганиш бўйича Халқ демократик партияси фракцияси томонидан амалга ошириладиган тадбирлар режаси шакллантирилди.

Хусусан, Иқтисодиёт ва саноат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Транспорт ҳамда Уй-жой коммунал вазирликлари билан бирга Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини соҳалар бўйича чуқур таҳлил қилиш ҳамда тегишли маълумотлар тайёрлаш вазифаси белгиланди.

Бу жараёнда парламентдаги “ҳукумат соати” ва фракциянинг кенгайтирилган йиғилишларида мутасадди вазирликларнинг ахборотлари эшитувини ташкил қилиш кўзда тутилди.

Режада, шунингдек, фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти давомида аҳолининг турли қатламлари вакиллари фикрларини ўрганиш, фуқаролар, жумладан, партия электорати ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсири мавзусига оид туркум давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этиш вазифалари ҳам ўрин олди.

Ҳар бир вазифани изчил ва самарали бажариш бўйича масъул депутатлар белгилаб олинди. Фракциянинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масалаларини чуқур ўрганиш билан боғлиқ фаолияти хулосалари ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот берилади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш