Нарх-наво қатъий назоратда

 

Тожливирус аталмиш балои азим бутун жаҳон аҳлини ўз забтига олган ушбу кезда юртимизда бу касалликнинг олдини олиш, тарқалиб кетмаслигига йўл қўймаслик мақсадида ўз вақтида кескин чоралар кўрилгани айни муддао бўлди. Карантин эълон қилиниши асносида аҳоли орасида рўзғорларини кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ташвиши тушгани ҳам бор гап. Бу ҳолат айниқса, шаҳар аҳолиси орасида кенг кузатиляпти.

Ҳар қандай тадбирдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни ўйлайдиган айрим олғир кишилар вилоят маркази Урганч шаҳридаги деҳқон бозорида озиқ-овқатлар нархини сунъий равишда оширишга ҳаракат қилишди. Бу айниқса кўп истеъмол қилинадиган картошкада яққол кўринди. Бундай ҳолатлар вилоятдаги барча туманлар деҳқон бозорларида ҳам кузатилгани ҳақида ижтимоий тармоқлардан хабар топдик.

Пандемияга қарши кураш ва унинг олдини олиш учун тузилган вилоят комиссияси бозорларда нархларнинг кескин кўтарилиб кетмаслиги олдини олиш учун тезкор чоралар кўрди. Ҳокимлар ва барча сектор раҳбарлари бу жараённи назоратга олишди. Айниқса, департамент ва солиқ идоралари ходимлари барча бозорларда доимий назорат гуруҳлари ташкил қилишган. Бу эса ўз самарасини бераяпти.

Куни кеча ўзим ҳам Урганч шаҳри деҳқон бозорига бордим. Маҳсулотларга тўла расталар оралаб шаҳар ҳокими шахсан нархларни назорат қилиб юрганининг гувоҳи бўлдим. Ҳар килограмми уч минг беш юз сўмдан энг сара картошка сотиб олдим. Ваҳоланки, бир ҳафта илгари айрим бозорларда бундай картошкалар баҳоси олти минг сўмдан сотилган эди.

Депутатларимиз томонидан ҳам қатъий назорат ўрнатилгани нархлар сунъий равишда ошиб кетмаслиги учун хизмат қилмоқда. Сизу-биздан эса фақат бир нарса талаб қилинади, у ҳам бўлса заруратсиз кўчага чиқмай, белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилишдир. Бир-биримизга кўмакдош бўлсак, ҳар қандай бало ва офатни енгамиз!


Озода ҚУЛИМОВА,

Хоразм вилоят мактабгача таълим бошқармаси

Маьнавий-маьрифий ишлар ва давлат тилида иш юритиш буйича бош мутахассиси, ЎзХДП фаоли.

← Рўйхатга қайтиш