Иллатдан ҳам хикмат топайлик!

 

Синовли кунларни, карантинни шундай ўтказайликки, хавф ортда қолганда ушбу кунлардан унумли фойдаланганимизни мамнун бўлиб эслайлик. Албатта, бу масалада оналаримизга кўп нарса боғлиқ. Бугун насиҳатгўй гаплардан кўра, бир ибратли воқеани айтиб бермоқчиман.

Электр чироқни кашф этган дунёга машҳур Томас Эдисон болалигида бир куни мактабдан келиб, онасига ўқитувчиси бериб юборган мактубни тутқазди. Онаси кўзида ёшларини зўрға тутиб турдида, баланд овозда мактубни боласига ўқиб берди: “Сизнинг фарзандингиз даҳо. Мактабимиз унинг иқтидори, ақлу заковатига торлик қилади, шунинг учун сиз унга уйда таълим беринг”.

Орадан йиллар ўтди, она оламдан ўтди. Кунлардан бир куни Эдисон онасининг шахсий буюмларини кўздан кечираётиб, бир вақтлар устози онасига ёзган ўша мактубга кўзи тушди. Мактубда онаси унга ўқиб берганидан бошқача сўзлар ёзилган эди:

Сизнинг ўғлингиз тентак, калтафахм, эрта тонгдан бошлаб уни мактабга киритмаймиз.”

Буни ўқиган Эдисон роса йиғлади ва ўзининг хотира дафтарига ушбу битикларни битиб қўйди: “Эдисон – тентак бола бўлган, лекин ақлли онасининг тадбири ила даҳога айланди”

Дарҳақиқат, оналар буюк зот! Улар аввало фарзандни дунёга келтирибгина қолмай, дунё яратувчиларини тарбиялай олиш қудратига эгадирлар. Она-тарбиячи, етакловчи ва таълим-тарбия берувчи буюк хилқат.

Педагоглар эса таълим-тарбия берувчи, бола етакловчиси сифатида она меҳри ва яратувчилиги билан вазифаларини бажаришса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Педагог ва онанинг орасида фарқ бўлмаслиги керак, иккиси ҳам бир-биридан узиб бўлмайдиган ришта орқали ҳамкорликда бир мақсад йўлида ҳамфикр бўлмоғи лозим. Фарзанд камоли йўлида улар бирининг ўрнини бири тўлдира олиши муҳим, акс ҳолда, боланинг келажаги хавф остида қолиши мумкин. Балки ушбу кўринмас риштани мустаҳкамлашга етарли эътибор бериш, буни англай олиш ҳамда тўғри хулоса чиқаришимиз учун карантинда ҳам бир ҳам ҳикмат бўлса не ажаб...

Фарзандларимизни ўй-хаёлларини тўғри йўлга йўналтириб, иқтидорларини рўёбга чиқариш ва яратувчилик қобилиятларини қўллаб-қувватлайлик. Зеро, фарзандларни онадек ҳеч ким англай олмайди, уйда ҳам сифатли таълим олса бўлади, бунинг учун яратилган имкониятдан тўғри фойдаланайлик. Иллатдан ҳам ҳикмат топайлик!

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш