Огоҳ ва ҳушёр бўлайлик!

 

Биз тарихдан биламизки халқимиз ҳамиша ўз турмуш тарзини, озода ва файзли бўлишни, инсон соғлиғи ҳамиша унинг ўзига боғлиқ эканлигини англаб яшаб келганлар. Бунга сабаб албатта юртимиз табиати, боғ-роғларимизнинг ширин-шакар мевалари, тўлиб-тошиб оқиб турган дарёларимиз ширин сувли, тоза, покиза булоқларимиз ҳам сабаб бўлган.

Буларнинг ҳаммаси улуғ бобокалонимиз Абу Али Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарларида ҳам алоҳида талқин қилинган.

Маълумки сўнгги уч йилда мамлакатимизда аҳоли соғлиги Президентимизнинг доимий диққат-эътиборидаги масалага айланди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди. «Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади» деди Президентимиз. Ҳақиқатдан ҳам шу кунларда юртимизда ҳар бир фуқаро коронавирус муаммосининг олдини олиш, бизнинг учун энг аввало ҳар бир оиладаги озодаликни, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни ўзининг бурчи ва вазифаси деб билмоқда.

Энг асосийси халқимиз ўз Президентига жуда ишонадилар. Ҳар биримиз яхши биламизки, халқини севган, халқи севган Юртбошимиз бутун дунё аҳлини таҳликага солаёган хавфли инфекция Ўзбекистон аҳолисига хавф туғдирмаслигининг барча чора-тадбирларини кўрмоқдалар.

Албатта бошқа давлатларда 8 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилганлиги халқимизни ҳамдардлик билан бирга ҳаммани хавотирга ҳам солади. Лекин ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг мамлакатимизда бу борада барча чора-тадбирлар кўрилган.

Мамлакатимизда 6 мингга яқин киши карантинга олинган. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган. 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди.

Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.Оилада, мактабда ўқиётган фарзандларимиз ойнаижаҳон орқали видеодарсларда ўқув машғулотларига қатнашмоқдалар. Репититорлар билан алоҳида фанлардан машғулот ўтаётган ёшлар телеграмм, инстаграммлар орқали онлайн режимида билим олишларини давом эттирмоқда.

Ҳар бир оилада худди фақулодда вазият эълон қилингандай, ҳар бир киши огоҳ ва ҳушёрлигини кўрсатмоқда. Бир отахон билан суҳбатимизда:

Болам, Оллоҳ бизга худди синов юборганга ўхшаяпти, чунки бозорларимиз тўкин-сочин, озиқ-овқатнинг ҳам минг хил тури бор. Жамоат овқатланиш тармоқлари ҳам кенгайиб кетган. Турли таомлар пишаяпти. Ҳамма сотиб олмоқда, билиб-билмай тановул қилмоқда. Санитария гигиена қоидаларини эса баъзан унитиб қўядилар. Яъни, жамоат кўп тўпланган ерда баъзан қўл ювилмайди, овқатланиш маданиятига риоя қилинмайди.

Айниқса озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи аҳоли ўртасида ҳали тўла ташвиқот қилинмаган. Мана, энди кеча ойнаи жаҳонда кўрдик Президентимиз ҳаммани коронавирус инфекцияси муаммоси билан озодаликка, соғлиққа зарар етказмасликка чақираяптилар.

Худди Оллоҳим ўзи одамларни яна бир марта ўз ҳаётининг соғлом бўлишига ўзлари эътиборли бўлишга чақираётгандай. Озода бўлинг, бир-бирингизни асранг деётгандай–деб куйиб-пишиб гапирдилар.

Отахоннинг гапларида жон бор. Ҳар биримиз ўзимизни асраб билсак, коронавирус оқибатларини Президентимиз белгилаб берган чора-тадбирлар ижроси албатта бартараф қилади.

Президентимиз ҳар бир фуқаро тўғрисида қайғурмоқда. Мурожаатдаги «Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.

Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис, ҳаққоний ва кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман.

Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади.

Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим», деб берган кўрсатмалари фикримизнинг далилидир.

Шу билан бирга Президентимиз бу хавфсизлик вазиятининг мамлакатимизнинг иқтисодиётига салбий таъсирини олдини олишнинг барча чоралари амалга оширилишини таъминламоқда.

Жумладан нефт нархи, миллий валюталар қадрсизланиши, туристлар сони камайиши, ялпи ички маҳсулот, экспорт ҳажми пасайиши сингари ҳолатларнинг олди олинмоқда. Махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда.

Шунингдек бозорларда нарх наво ошиб кетмаслигининг олди олинмоқда, барча тармоқлар узлуксиз ишлаши таъминланмоқда, маҳаллий бюджетлар, аҳоли қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз бу борада халққа Мурожаат қилар экан, энг аввало биз давлатимиз раҳбарининг ҳар бир инсонга бўлган меҳрини ҳис қилмоқдамиз. Давлатимиз раҳбари халқимизга, ҳар биримизга ишонмоқда, Президентимизнинг Мурожаатидаги «Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман» деган даъвати бунинг исботидир.

Ҳар биримиз Президентимиз Мурожаатига лаббай, деб жавоб бериб, бу мураккаб жараён – коронавирус оқибатларини биргаликда албатта бартараф қиламиз.

Президентимизга ишонамиз ва уни қўллаб-қувватлаймиз.


Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш