Мева-сабзавотчилик: бошқариш эмас, ёрдам бериш керак

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий бозор механизимларини олиб кириш бўйича кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш зарурлиги таъкидланди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси деганда, биз олдин фақат пахта ва ғалла етиштириш, шу бўйича режа ва унинг мажбуриятини бажаришни тушуниб қолган эдик. Ҳозир бу тушунча умуман ўзгаряпти, қишлоқ хўжалиги соҳасида чорвачилик, боғдорчилик ва бошқа тармоқларнинг мавжудлиги ҳамда бу тармоқлар иқтисодиётимиз қудратини оширишда кучли манба бўла олишига аҳамият бера бошладик.

Ривожланган давлатларнинг иқтисодиётида кластер тизими муҳим ўрин тутади. Жумладан, Европа Иттифоқида ишчи кучининг 38 фоизи кластер тизимида фаолият юритаракан. Норвегия, Швеция, Дания ва Финландия давлатлари саноати тўлиқ кластер усули асосида ишларкан.

Иқтисодиёти ривожланган давлатлар амалиётида синалган кластер усулида иш фаолиятини ташкил этиш зарур бўлса ҳар қандай шароитга мослаша олади, иқтисодий, ижтимоий ва ишсизлик муаммолари бўйича самарали ечим топа олиш имкониятини яратади. Қолаверса, инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланган ушбу тизим илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этиш учун хизмат қилади.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини кластер тизими орқали ривожлантириш борасида кўпгина амалий ишлар бошланди. Жумладан, “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжири яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида (2019 йил 11 декабрда қабул қилинган) муҳим ютуқларга эришила бошланди.

Кластерларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми пахтачилик-тўқимачиликда 67 фоизни, чорвачиликда 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда 7,5 фоизни ташкил этмоқда. Республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинаётган экан.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жиззах, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг 8 та туманида жами 41 мева – сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилди. Республикамиз бўйича 50 дан ортиқ туман мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Олий таълим муассасаларида “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик” бўйича факультет, кафедралар ташкил этилди ва уларда шу соҳа бўйича таълим йўналишлари очилди. Хуллас, ўзгаришлар анча салмоқли.

Аммо ҳали қилинадиган ишлар, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар оз эмас. Айниқса, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда самарали бозор механизмлари тизимли йўлга қўйилмагани, таҳлилий ёндашувнинг етарли эмаслиги тармоқдаги имкониятлардан самарали фойдаланмаслигига олиб келмоқда.

Республикамизда мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғи ривожланишига қуйидаги муаммо ҳамда камчиликлар салбий таъсир қилмоқда:

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилиш бўйича самарали механизм йўқлиги;

экспорт қилиш билан шуғулланувчи ташкилотларимизда илғор хорижий тажриба етишмаслиги;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштирувчи, экспорт қилувчи, етказиб берувчилар ўртасида шартномалар тузиш бўйича ҳуқуқий малака, тажрибанинг камлиги;

унумдор, юқори сифатли уруғ ва кўчатлар етиштириш бўйича тажриба етишмаслиги;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш бўйича малакали кадрларларнинг етишмаслиги, бу борада илмий тадқиқотлар олиб борилмаётгани.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун ривожланган давлатлар тажрибаларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилса, юқори самараларга эришиш имкониятига эга бўламиз. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши долзарб масаладир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозори топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак. Энди мулоҳаза юритиб кўрайлик, бу вазифаларни бажариш вазирлик фаолиятини тубдан ислоҳ қилишни тақозо этади.

Маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар деҳқонга, боғбонга ақл ўргатиши эмас, уларни тинглаб, керак пайтда ёрдам бериш йўлларини излаши зарур. Лекин яна бир масала борки, бунга ҳам алоҳида эътибор беришимиз талаб этилади. Ерни, боғни меҳри, интилиши бор инсонларга топшириш ҳақида қайғуришимиз керак. Айрим ҳудудларда олғирлар қўлга киритиб, ернинг умрини беҳуда ўтказаётган ҳолатлар борлигини кўпчилигимиз яхши биламиз.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича катта имкониятларга эгамиз, буни тушунамиз. Бу ҳақда ортиқча гапиришга зарурат қолмаган. Меҳрли, маҳоратли деҳқон, боғбонларимиз ҳам оз эмас. Фақат гап соҳага самарали ёрдам беришда қолган.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш