Камбағалликни қандай енгамиз?

 

Аҳоли камбағаллиги – дунёнинг деярли барча давлатларидаги муаммо бўлиб, ҳар бир давлат камбағаллик билан ўз дастури асосида курашиб келмоқда. Ушбу ижтимоий дастурлар аксар ҳолларда кутилган натижани бермаган ҳоллар ҳам мавжуд. Камбағаллик тугатилмаса ҳам уни сезиларли камайтириш учун қандай йўл тутиш керак?

Бугунги кунда жаҳонда 1,5 миллиард инсон қашшоқликда яшамоқда, 162 миллион бола очликдан азоб чекади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг узоқ муддатли мақсадларидан бири қашшоқликнинг ҳар қандай кўринишини тугатишдирБутун жаҳон аҳли камбағаллик билан курашишга ҳамма учун мақбул бўлган чора ҳақида изланмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди дастурида ҳам мамлакатимизда камбағалликни тугатиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бунинг учун биз ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўли билан қандай мақсадга эришмоқчилигимизни аниқ белгилашимиз зарур. Бу эса, шунчаки камбағалларга пул тарқатишни эмас, балки ижтимоий маблағларни инсон капитали сифатини оширишга йўналтирилишини назарда тутиши керак. Президентнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида қайд этилганидек, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам пулини ошириш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди.

Давлатимиз олдида жуда катта вазифа турибди, уни амалга ошириш учун камбағал кимлигини, муҳтожлик даражасини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш керак ҳамда унинг асосида ягона электрон база ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Аҳолининг таъминланганлик даражаси ҳақидаги тўлиқ маълумотга эга бўлсаккина биз ҳақиқатда ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлай оламиз.

Бугунги кундаги маълумотларга кўра, иқтисодий фаол аҳолининг 9,0 фоизи ёки 1,4 миллионга яқин киши ишга муҳтож, аёллар ва ёшлар ўртасида ушбу кўрсаткич мос равишда 12,5 ва 14,9 фоизни ташкил қилмоқда. Аксарият камбағал ва ишсиз фуқароларнинг касбий малака даражаси ҳозирги меҳнат бозори талабларига тўғри келмайди. Камбағаллик билан курашиш бўйича жаҳон тажрибасида амалга оширилаётган дастурларга мувофиқ, камбағал ва ишсиз инсонларнинг иқтисодий фаоллигини рағбатлантириш, ўз билими, ғайрати ва омадига ишончини мустаҳкамлашга қаратилган

Жамиятимизда иқтисодиёт тармоқлари бир-биридан анча узоқлашган, улар ўртасида уйғунлик етишмаяпти. Буни бартараф этиш учун ҳар бир ҳудудда ва мамлакат миқёсида чуқур таҳлилий ёндашув талаб этилади.

Юртимизда, камбағалликни камайтириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш ва уни маҳалла даражасига тушириш мақсадида, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Шунингдек, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ва вазирлик ташкил этилди, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликларнинг камбағалликни камайтиришга масъул алоҳида ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди. Ҳудудларда камбағаллик даражасини қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш. Аҳолини касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни манзилли қўллаб-қувватлаш, камбағаллик даражасини қисқартириш умуммиллий ҳаракати сифатида белгиланди.

Бизнинг фикримизча, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалаларда қарорлар қабул қилиш жараёнида депутатларнинг таъсири ва фаоллигини ошириш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Чунки, тан олиш керак, маҳаллий ҳокимиятлар, вазирликлар бўлинмалари ҳар доим ҳам ҳудудларнинг хусусиятидан келиб чиқиб иш тутмайди. Бир ҳудудга тўғри келган чора бошқа ҳудудда самарали чиқмаслиги мумкин. Бутун республикани бир хил чора билан тўғри ривожлантириб бўлмайди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида ранг-баранг, энг муҳими, илмий асосланган ёндашувлар керак, деб ўйлаймиз.

Камбағалликни камайтириш учун натижадорлиги паст бўлган субсидиялар бериш услубидан воз кечиб, камбағал аҳолининг ишсиз қисмини тадбиркорлик ва бошқа иш ўринлари билан таъминлашни мақсад қилиш тўғри бўлади. Кам таъминланган аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшагани сабабли уларга томорқалардан унумли фойдаланиш имконияти яратилиши керак. Бунинг учун томорқаларга борувчи ирригация тизимларини қайта тиклаш, етиштирилган маҳсулотларни сотиш имконини яратиш, қишлоқ хўжалик техникаларини ижарага берувчи корхоналар ташкил этилиши зарур. Бундан ташқари, ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, кичик қайта ишлаш корхоналари (терини қайта ишлаш, меваларни қуритиш ва қадоқлаш, миллий гиламдўзлик, каштачилик каби) ташкил этган тадбиркорларга маълум муддат имтиёзлар бериш яхши натижа беради.

Партиянинг маҳаллий ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон ХДП партия гуруҳлари томонидан минтақаларнинг аниқ инвестицион дастурларини шакллантириш, ҳудудларда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, янгиларини ташкил этиш ва бунда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича тадбиркорларнинг имкониятларини аниқлаш, ўз лойиҳаларига эга бўлган камбағал оила вакилларини бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш бўйича қўшма фаолиятини жонлантириш, бу фаолиятга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тижорат банклари, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаларини кенг жалб этиш бўйича чоралар ишлаб чиқишни мақсад қилиб қўйган.

Бу ишларни самарали ташкил эта олсак, нотўғри кайфиятда бўлган оилаларни боқимандалик руҳиятидан чиқариш, бандлик даражасини ошириш, пировардида аҳолининг реал даромадлари кўтарилишига эришилади.

Умуман, камбағалликни қисқартириш ҳақида гапирар эканмиз, аввало, жамиятимизда инсоннинг ўзига бўлган муносабатини ўзгартириш бугунги кундаги долзарб масала ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда шу йўналишда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат эндиликда Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияларига тўла мос келмоқда. Яъни, бош мақсад инсонни касбий ёки интеллектуал жиҳатдан ривожлантириш, шу орқали уни бахтли қилишдир.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш