Эл фарзанди синовли кунларда хизмат қилади

 

Кўпга келган ҳозирги синовли кунларни енгиш, ҳар қандай бало-қазодан юртимизни, халқимизни омон сақлаш учун одамлар бир-бирига елкадош бўлиши, бирдамликда интилиши умуминсоний фазилатдир.

Бутун дунё коронавирус деган офат билан курашаётган бугунги шароитда фуқароларни ижтимоий томондан қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлигини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Яратганга шукрки, қийналганларни ҳеч ким ёлғизлатиб қўяётгани йўқ, саховатли ва меҳрли инсонлар имкони борича ёрдам қўлини узатяпти.

Ватандошимиз Алишер Усмонов коронавирусга қарши курашиш учун “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 20 миллион доллар ажратгани ҳамюртларимизга аввало руҳий мадад бўлди, деб ўйлайман. Айниқса, ушбу маблағ коронавирус сабаб Ўзбекистонга олиб келинган ватандошларни карантинга олиш учун зарур бўладиган Тошкент вилояти Зангиота туманида ги шифохоналар жиҳозланиши учун сарфланиши ҳамжиҳатликни янада оширади. Бу кўмак қанчадан-қанча юртдошларимизнинг ҳаёти, соғлигини ҳимоя қилишга йўналтирилмоқда.

Албатта, зарур асбоб-ускуналар бўлса, касалликни вақтида аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва даволаш имкони янада ортади. Шу маънода элимиз фарзанди Алишер Усмоновнинг беғараз ёрдами катта кўмак, қанчадан-қанча ватандошларимизга ўрнак бўлди. Ўтган йили ҳам Алишер Усмонов она юрти Намангандаги “Обод қишлоқ” дастури учун 50 миллион доллар миқдорида ҳомийлик қилди. Ушбу маблағларга вилоятимиз аҳолиси учун шинам ва қулай бўлган уйлар, йўллар яратилди.

Бундай эзгу ва саховатли ташаббуслар Ўзбекистонда кундан-кун кўпаймоқда. Бу синовли кунларда ватандошларимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, руҳий яқинлик янада ортаётганини англатади, ҳаммамизга қўшимча куч бағишлайди. Азалий бир ҳақиқат, ҳикмат бор — халқига, юртига саховатли бўлганларни Яратган ҳам қўллаб-қувватлайди.

Анвар Темиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси
 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш