Евроосиё иқтисодий иттифоқи: корхоналаримиз рақобатга тайёрми?

 

Бугунги парламентда муҳокама қилинаётган мавзу – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқароларимизнинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи, жуда ҳам жиддий масаладир. Шунингдек, ЕОИИ билан келгусида ҳамкорлик натижасини баҳолаш ниҳоятда мураккаб ва қийин жараёндир.

Бундай муҳим ва мураккаб масаланинг ҳал қилинишини парламентга ишониб топширилиши, авваламбор, халқимиз ва давлатимиз раҳбарининг – парламентга бўлган ишончини англатади. Шу билан бирга, бизга, яъни халқ вакиллари бўлган депутатлар зиммасига катта масулият ҳам юклайди.

Шу нуқтайи назардан, Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилгани, ушбу долзарб масаланинг парламент қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари ўртасида кенг муҳокамаси ташкил қилингани, ҳар бир депутат учун, мавзуни ичига чуқур кириши ва эртага қарор қабул қилишда  онгли равишда ёндашиш имконини беради.

Биз депутатлар ҳалқ вакили сифатида, албатта, ушбу жиддий масалада, биринчи навбатда, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянишимиз лозим.

Айниқса, бугун бошимиздан кечираётган мураккаб вазият,  бизни ушбу масалада ижобий ва салбий томонларини ҳисобга олиб, барча оқибатларни синчковлик билан ўрганиб чиқишга ундайди.

Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 30 март куни ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини ўрганиш бўйича режа тасдиқланиб, қўмита фаолиятига оид йўналишлар аниқ белгилаб олинди.

Таъкидлаш лозимки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Айниқса, тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари бозорида Ўзбекистоннинг улушини ошириш имкониятлари жуда яхши.

Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши  имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган 3 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишдан айрим салбий омиллар ҳам ­кутилиши мумкиндир. Жумладан, ташкилотга кириш ички бозорнинг очиқ бўлишига олиб келади. Яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ­бошқа мамлакатларда тайёрланган маҳсулот билан рақобат қилиши керак бўлади. Ушбу ҳолатда, бизнинг яхши ривожланмаган, рақобатга тайёр бўлмаган тармоқларимиз ва корхоналаримиз катта зарар кўриб қолиши мумкин. Бизни энг хавотирга соладиган масалалар:

 - Ўзбекистон корхоналари Евроосиё иқтисодий иттифоқи маконида рақобатбардош бўла оладими?

- Йиллар давомида протекционизм сиёсати орқали қўллаб-қувватлаб келинган саноат корхоналаримизнинг фаолияти тўхтаб қолмайдими?

- Евроосиё иқтисодий иттифоқида амалда бўлган божхона қоидалари, техник регламентлар бизнинг миллий манфаатларимизга мос келадими?

Албатта, ушбу масалаларни чуқур тахлил қилиб, турли прогнозлар тузишимиз мумкин. Лекин амалда ҳеч қандай мукаммал прогноз ҳам ўзини оқламаслиги мумкин. Бизнинг эса, халқимизнинг манфаатларига бевосита таъсир этувчи бундай долзарб масалада таваккал қилишга хаққимиз йўқ!

Демак, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ­иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласида барча эҳтимолий омилларни узоқ муддат кузатиб  ва чуқур таҳлил қилиб бориш лозим.

Шунинг учун ҳозирги шароитда, бизнинг фикримизча, агар Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчиси мақомига эга бўлса, муаммоларни бевосита ташкилотнинг ичида туриб ўрганиш имкониятига эга бўлади ҳамда ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиниши мумкин бўлади.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. 

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш