Ижтимоий ҳимояга қаратилган фармон

 

Президентимиз кеча қабул қилган фармон коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Халк демократик партиясининг асосий электорати айнан кам таъминланган, ногиронлиги бор шахслар, якка ёлғизлар, боқувчисини йўқотганлар ҳисобланади. Фармон 21 банддан иборат бўлса, уларнинг аксарияти бевосита электоратимизнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармоннинг 3-бандида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахсларни бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ҳамда бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, жорий йилнинг март, июнь ойларида муддати тугайдиган бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдамлар олиниши муддатини узайтириш ва қўшимча ҳужжатлар талаб қилмаслик белгилангани ҳам фуқароларимизни ортиқча қоғозбозликдан ҳимоялайди, вақт сарфлаб, сарсон бўлишининг олдини олади. Бу ишни тизимли амалга ошириш масьул ташкилотларга, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ходимларига катта масьулият юклайди.

Шундай оғир вазиятда халқимиз бир бўлиб, ўзаро аҳилликда синовли кунлардан якдиллик билан чиқиб оламиз. Шу маънода фармон эртага нима бўлишини ўйлаб турган кўплаб оилаларни хавотирдан қутқарди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш