Дунёдаги қалтис эпидемик вазият туфайли мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу борада Президентимизнинг махсус фармон ва қарорлари имзоланди, давлат раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишларида ниҳоятда муҳим топшириқлар берилди. Зарур маблағлар ажратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия борингки барча мутасадди вазирлик ва идоралар оёққа турган. Айниқса, “Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг” деб бонг ураётган шифокорларимизнинг фидоийлиги таҳсинга лойиқ.
Одамлардан эса биргина нарса, карантин қоидаларига тўла амал қилиш сўралмоқда. Жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларига тўпланмаслик, шахсий гигена қоидаларига амал қилиш талаб этилмоқда. Дунё тажрибасига кўра коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг самарали йўл карантин қоидаларига сўзсиз риоя этиш эканлиги бот-бот такрорланмоқда. Карантин даврида вақтимизни оила, фарзандлар даврасида ўтказиш тавсия этилмоқда. Халқимиз ҳам буни тўғри тушуниб, ўз кундалик турмушини ушбу тавсияларга мос равишда ташкил этаётгани яхши, албатта. Масалан, куни кеча зарурат бўлиб дорихонага кирдим. У ерга келганларнинг барчаси ниқоб таққан эди. Мени яна бошқа бир ҳолат хурсанд қилди. Дорихонада навбат кутаётган 7-8 нафарча одам бир–биридан анча масофа сақлар, шошилмасдан, олдиндагиси дорисини олгач кейингиси яқинлаб харидини қилиб чиқиб кетарди. Бу одамларнинг вазиятни англаб етаётгани, тавсияларга амал қилаётганидан далолатдир.
Аммо ҳамма жойда ҳам шундай деб айта олмаймиз. Халқимизда “Бирники мингга, мингники туманга” деган мақол бор. Ана шу мақол айнан бугунги жараёнларга тўғри келади. Масалан, Ўзбекистонда илк бор коронавирус инфекцияси аниқланган, Францияда бўлиб қайтган фуқаро 35 кишилик зиёфат қилгани, зиёфатда бўлган 13 кишида вирус аниқлангани ёки Фарғоналик аёл Умрадан қайтиб келиб уйда карантинда бўлиш талабларини қўпол равишда бузиб, эртаси куни 120 нафар кишини чақириб дабдабали маросим ўтказгани, оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси инфекция юқтиргани каби маълумотлар ҳар биримизни ларзага солди.
Энг аянчлиси айрим фуқароларимизнинг мамлакатдаги шундай оғир даврда, карантин вазиятида никоҳ тўйи, курсдошлар учрашуви ва бошқа тадбирларни ўтказиш кўнглига сиғаётгани, бунинг оқибатини ўйламаётганидир. Бундан ташқари, орамизда карантин тартиб қоидаларига риоя қилмайдиганлар ҳам чиқиб қолаяпти. Шу қисқа вақт ичида қанчадан-қанча фуқароларимизнинг карантин қоидаларини бузаётгани аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги бунинг исботидир.
Халқимизда яна бир мақол бор “Қарс икки қўлдан чиқади”. Агар қарс учун кўтарилган биринчи забардаст қўлдан иккинчи қўл ожиз келса, базўр кўтарилса, унда карс жаранглаб чиқмайди. Аниқроқ қилиб айтганда, Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида коронавирусга қарши кураш борасидаги илғор ҳорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, барча ички ва ташқи имкониятлар сафарбар этилаётган бир пайтда, одамларимиз уйда қолинг, гигена қоидаларига риоя қилинг, деган ўзининг ва яқинларининг саломатлиги учун ўта муҳим бўлган, лекин оддий тавсияларга риоя этмаса аҳвол қийинлашиши мумкин. Бугунги вазиятнинг ечими кўп жихатдан одамларга, ҳар биримизнинг ҳатти –ҳаракатимизга боғлиқ.
Мана кейинги кунларда Хитойда вазият яхшиланаётгани ҳақидаги хабарларни эшитаяпмиз.Улар бунга энг аввало хавфнинг жиддийлигини англаган ҳолда, карантин талабларига сўзсиз риоя қилиш, қатъий интизом натижасида эришдилар. Бу кўз олидимизда рўй берган ҳолат.
Коронавирус аниқланган беморларнинг қай йўл билан ушбу инфекцияни юқтириб олгани билан боғлиқ маълумотларга кўра, уларнинг маълум бир қисми чет элда бўлган ва Ўзбекистонга қайтганида коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, кўпчилик беморлар эса мамлакат ичида яқин мулоқот ва мулоқот йўли орқали инфекцияни юқтириб олган.
Кўриниб турибдики, ўзаро муносабатларимизда масофа сақлашимиз, имкон қадар уйда қолишимиз, ниқоб тақишимиз ва гигиена қоидаларига амал қилишимиз муаммонинг энг тўғри ечимидир. Бу билан нафақат ўзимизни, балки, яқинларимизни, халқимизни, керак бўлса дунёни асраймиз.
Шу билан бирга, шундай оғир ва синовли кунларда барчамиздан мантиқий фикр юритиш, тарихга назар ташлаш, сабр – тоқатли ва матонатли бўлиш, ҳаёт фалсафасини англаш, саломатлик ва осойишталикнинг қадрига етиш талаб этилади. Биз бунданда оғир кунларни бошидан кечирган аждодларнинг авлодларимиз. Шундай экан, албатта бу синовларни ҳам ҳамжиҳатликда енгиб ўтамиз.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.