Ўзимизни асраб, иқтисодиётимизни зарарлардан ҳимоя қилишга ҳисса қўшайлик!

 

Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига катта зарар етказиши кутилмоқда. Ҳамма жойда савдо алоқалари, кўплаб хизматлар тўхтаб қолган. Мамлакатимизда ушбу ҳолатнинг иқтисодиётга кескин салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилиниб, тадбиркорларимизга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди. Кеча қабул қилган фармон ҳам мана синовли даврда халқимиз, айниқса, “эртанги тадбиркорлик фаолиятим нима бўлади?” деб ўйланиб қолган тадбиркорларимизнинг дардига малҳам бўлади, десак, муболаға бўлмайди.

Хусусан, пандемияга қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилади.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддатини узайтирилиши тадбиркорларимизни ўз фаолиятларини ўнглаб олишлари учун яна бир имконият ва шу билан бирга катта масъулият, деб ҳисоблайман.

Бу чораларнинг халқимиз учун энг аҳамиятли жиҳатларидан бири тадбиркорлик ортидан яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилишида, деб тушунишимиз керак.

Фармонга кўра, карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилиши карантинга олинган шахсларнинг маиший ташвишларни ўйламай, фақатгина соғликлари ҳақида қайғуришлари кераклиги давлатимиз раҳбарининг диққат марказида эканлигидан далолат.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилади.

Ҳозирги кундаги вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркорларимизга жуда кўплаб солиқ имтиёзлари берилди, шулардан яна бири кечаги фармонда акс этган. Яъни фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу солиқни тўловчилар 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга. Солиқ тўловчилар томонидан мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда давлат солиқ хизмати органларига фойда солиғи бўйича аванс тўловлар тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилади.

Ишлаб чиқариш фаолиятини давом эттираётган субъектлар ўз ишчиларига шарт-шароитлар ташкил этиши устидан доимий мониторинг олиб бориш учун уларга санитария-эпидемиология хизматлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг бириктирилиши ҳам муҳим чоралардан бири бўлди. Чунки синовли кунларда халқимиз учун зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши тўхтаб қолмаслиги керак.

Биз сўз билан айтганда, давлатимиз мураккаб вазиятда керакли қўллаб-қувватлаш чораларини кўряпти. Халқимиз буни ҳис қиляпти, ҳаммамиз бир-биримизни асраш ва қўллаб-қувватлаш учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилайлик. Шунда нафақат соғлиғимизни асраган, шу билан бирга, иқтисодиётимизни катта йўқотишлардан ҳимоя қилишга ҳисса қўшган бўламиз.


Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш