Инсонпарвар чоралар жипсликни янада оширади

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқимизга қилган мурожаатларида мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётгани, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мураккаб вазиятга қарши курашиш бўйича тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Жумладан, бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерлари молиявий қўллаб-қувватланиши партиямиз учун долзарб аҳамиятга эга.

Мурожаатда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилаётгани, жумладан, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилиши, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмаслиги, улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилишига, ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилишига, бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб олиниб, жами нафақа олувчилар сони 720 минг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ташкил этиши ҳақида алоҳида айтиб ўтилди.

Биз бу каби инсонпарвар чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Партиямиз электорати ҳисобланган якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, муҳтож оилалар синовли кунларда яккаланиб қолмаслиги жамиятимизда ижтимоий жипсликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги оғир кунларда биргаликда сабр-матонатли бўлиб, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилишга чақирамиз.


Боймурод ЮСУПОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш