Ҳурматли тадбиркор, давлат сизни ҳимоя қилди, энди сиз иш ўринларини асранг!

 

Коронавирус пандемияси дунё иқтисодиётига ҳам жиддий зарба беряпти, ҳукм ўтказаяпти.

Вируснинг тарқлалиш хавфи кучайиши ортидан чекловлар жорий этилиши кўплаб соҳалар каби тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган, катта мақсадлар билан тижорат банкларидан кредит олган тадбиркорлар иш фаолиятининг сустлашишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кредит тўловларини қайтариш, ишчи ходимларнинг ойлик маошларини бериш, турли солиқларни тўлашда қийинчиликлар кучайди.

Шундай қийин ва танг вазият бўлишига қарамасдан муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Президентимиз томонидан иқтисодиётимизни, турли соҳаларда фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектларини фаол қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи фармон қабул қилинди.

Фармонга кўра, тадбиркорларга муҳим имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Келинг, уларнинг асосий 10 тасини яна бир кўриб чиқайлик.

Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади ва ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини ривожлантиришга катта кўмак бўлади.

Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этилади.

2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳалар сонидан қатъи назар, ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 75 фоизидан ошмаган, бироқ 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик тақдим этиш

Битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация олиш имкони яратилди

Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда

Пахта-тўқимачилик кластерларининг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.

Амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланилмайди;

2020 йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарлари — жами 20 турдаги, жумладан, 13 та озиқ-овқат ва 7 турдаги гигиена маҳсулотлари импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Мен ўйлайманки, ушбу фармон фақатгина тадбиркорларни эмас, уларда ходим сифатида ишлаётган ишчи-хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини ҳимоялашга хизмат қилади.

Ҳурматли тадбиркорларимиз давлат ёрдамининг мазмунини тўғри тушуниб, синовли кунларда имкон қадар ишчи-ходимларга оғирлик туширмасликка ҳаракат қилади, маошидан бошқа даромади бўлмаган, ижтимоий ҳолати мураккаб оилаларни қўлдан келганча қўллаб-қувватлайди, деб ишонамиз.


Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ҲДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш