Инсоният коронавирусни тез орада енгади

 

XXI асрнинг 20 йилини инсоният улкан фан ютуқлари, янги ихтиролар ҳамда кашфиётлар, иқтисодий ва турмуш фаровонлиги билан бир қаторда ҳали тиббиёт фанида тўла шифосини топмаган коронавирус инфекцияси билан кутиб олди.

Ушбу вирус на макон, на шахс танламай, хоҳ иқтисодий тараққий қилган мамлакат бўлсин, хоҳ ривожланаётган ёки иқтисодиёти ночорроқ давлат бўлишига қарамасдан, ҳаммага бирдек таҳдид қилди. Бунга глобаллашув жараёнларнинг иккинчи томони деб ҳам қараш мумкин.

Халқимиз ўтмишда ҳам кўп бора бу каби оғир ҳолатларга тушиб қолганига тарихий фактлар гувоҳлик беради. Ўша даврларда ҳам аждодларимизнинг ўзаро бирдамлиги, тартибларга риоя қилиши, бағрикенглиги ҳамда бир-бирини тушуниши орқали қийин вазиятлардан чиқиб, яъна келажакка умид ва ишонч билан олдинга қараб ривожланишга интилиб яшаган.

Бугунги ҳолатни кўрадиган бўлсак, тегишли идоралар, тиббиёт ҳодимлари ўзларининг вазифаларига виждонан ёндашиб, ҳар бир фуқаромизнинг соғлиги ҳақида алоҳида эътибор бериб, ҳаракат қилаётгани, одамларнинг моддий ва маънавий таъминоти, озиқ-овқат, дори дармон ва умуман яшаш учун зарур эҳтиёжларини қондиришга оид етарли даражадаги чора-тадбирлар олиб борилаётганига барчамиз бирдек гувоҳ бўлиб турибмиз.

Демак, бу жараёндан тезда қутилишимиз учун бизда биргина ягона йўл бор, у ҳам бўлса ўзимизни ўзимиз асрашимиз лозим.

Айниқса, бу жараёнда мамлакатимиз аҳолисининг олтмиш фоизини ташкил этаётган ёшларнинг ўрни муҳим ҳисобланади.

Шу кунларда ёшларнинг оила даврасида бўлишини инобатга олиб, тегишли идоралар ва мутахассислар томонидан таълим ва тарбия жараёнларида узилиш бўлмаслиги учун мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий таълим тизимларида масофадан ўқитиш тизими йўлга қўйилди, оммавий ахборот воситаларида дарс машғулотлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга ёшларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор ташкилотларнинг турли номдаги танловлари эълон қилинмоқда.

Ёшлар шу каби шароит ва имкониятлардан фақат самарали фойдаланишлари ҳамда оилавий муносабатларда ота-оналари билан самимий мулоқот ўрнатиб, йиллар давомида шаклланган оила қадриятини янада мустаҳкамлашлари зарур ҳисобланади.

Қисқа вақт ичида Ўзбекистонда, бутун дунёда халқларнинг бирдамлиги, олимларнинг билими ҳамда тиббиёт ҳодимлари ва масъулларнинг саъй-ҳаракатлари билан инсоният коронавирус инфекцияси устидан тўла ғалабага эришишига ишонамиз. Ўша кундан бошлаб биз яна доимий ҳаёт тарзимизга қайтамиз...

Фарзандларимиз юзидаги кулги барчамизни янада хурсанд қила бошлайди.

Бу йўлда барча ёшларимиз бир бўлиб, белгиланган тегишли тартибларга тўла риоя қилишлари талаб қилинади.


Равшан ХОМИТОВ,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш