Карантин кунларида Сурхондарё бозорларида нарх-наво қандай?

 

Шифокорларнинг таъкидлашича, коронавирусининг тарқалишини олдини олишнинг ягона ва мақбул йўли уйда қолиш ҳисобланади.

Мазкур жараёнда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада бозорларимиздаги озиқ-овқат маҳсулотларининг етарлилиги, нархларнинг сунъий равишда ошиб кетмаслиги бўйича ҳам давлат органлари ва жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги маказий деҳқон бозори кўздан кечирилди.

Айтиш керакки, жорий йилнинг 2 апрел ҳолати бўйича бозорда маҳсулотлар тақчиллиги йўқ. Нархларда ҳам деярли ўзгариш сезилмади.

Хусусан, аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган шакар (5000-5500 сўм), макарон (2500-6000 сўм), гуруч (5000-9000 сўм), сабзи (1500-2000 сўм), нўхат (7000-10000), мош (6000-9000 сўм), ўсимлик ёғи (10000-11000 сўм), пахта ёғи (8000-9000 сўм), ловия (10000-12000 сўм), қуруқ чой (21000-33000 сўм), мол гўшти (42000-48000 сўм), қўй гўшти(47000-53000 сўм) каби маҳсулотлар нархи карантин бошланмасдан олдинги нархлар билан деярли ўзгариш йўқ.

Аммо, айрим зарур маҳсулотларда нархларнинг кўтарилиши кузатилмоқда. Жумладан, ун (маҳаллий) (бир қопи 150 000-160 000 сўм, илгари 135000 сўм), картошка (5000-5700 сўм, илгари 3000-3500 сўм) ва пиёз(2500-3000 сўм, илгари 1500-2000 сўм) маҳсулотлари.

Воҳа аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тизимли равишда қондириш ва бу борадаги нархларнинг ошишини олдини олиш мақсадида фермерлар, деҳқонлар ва тадбиркорлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти бозорларида арзон нархда сотиш учун Термиз шаҳрига Покистонда етиштирилган 320 тонна картошка “Акобир Фазлиддин” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб келинди. Шу ердан эҳтиёж сезатган туманлардаги марказий деҳқон бозорларига савдога чиқарилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳали воҳада қиш-баҳор мавсуми учун жамғарилган картошка захираси мавжуд. Шунингдек, афғон тадбиркори олиб келган маҳсулот ҳам маҳаллий аҳолининг парваришлаётган янги картошка савдога чиқарилгунча жойларда унинг нархи ошиб кетишининг олдини олиш билан бирга, одамларнинг хотиржам бўлишига олиб келди.

Яна бир гап, мамлакатимизда эълон қилин карантин пайтида вазиятдан “унумли” фойдаланиб, ўз нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиганлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Вилоят давлат солиқ бошқармасининг маълумотларига кўра, ана шундай сохта тадбиркорлар фаолиятидан норози бўлиб, фуқаролардан келиб тушган 70 та мурожаат асосида ўрганишлар ўтказилган.

Натижада жами 61 та ҳолатда 1784 килограмм, умумий қиймати 42 миллион сўмлик картошка ва пиёз маҳсулотлари нархларини асоссиз равишда ошириш аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 30 март ҳолатига кўра, божхона омборларида жами 47,6 миллион АҚШ долларига тенг озиқ-овқат маҳсулотлари сақланмоқда. Ушбу маҳсулотлар божхона расмийлаштирувидан сўнг қисқа муддатларда ички бозорларга йўналтирилади.

Ҳақиқатдан ҳам бозорда одамлар томонидан ҳеч қандай навбатларсиз, эмин эркин тарзда савдо-сотиқ ишлари олиб борилаётганлигини гувоҳи бўлдик.

Умуман, бутун жаҳон афкор оммасини ташвилантираётган ушбу пандемия хавфидан аҳолига катта зарар етказмасдан олиб чиқиш бўйича мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун олиб борилган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда.


Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.


Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш