Пандемия билан курашиш - улкан масъулият, қатъий интизом ва сабр-тоқатни талаб қилади

 

Коронавирус пандемияси фуқароларимиз соғлиғига хавф солиш билан бирга - давлатимиз бошқаруви самарадорлигини, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини ҳамда жамиятимизнинг етуклиги даражасини жиддий синовдан ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан, бундай мураккаб вазиятда, барча йўналишдаги ишлар ўз вақтида ва тўғри ташкил қилинмоқда, коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш масаласига комплекс тарзда ёндошилмоқда.

Жумладан, 19 март куни пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармон қабул қилинди. Коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш баробарида, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди.

3 апрель куни «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг қабул қилиниши ҳам пандемия билан курашиш борасида муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармон билан, иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу қийин вазиятда тадбиркорлар, ҳунарманд, фермерлар ва корхоналарни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли аниқ чоралар белгиланмоқда. Жумладан, тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида, уларга  солиқдан қатор имтиёзлар, ижара тўловлари ва банк кредитларини тўлашда катта енгилликлар берилмоқда. Шубҳасиз, ушбу чоралар иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Аҳамиятли томони, Фармонда аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгиланмоқда. Ушбу ҳолат, шубҳасиз, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларининг нархларини ошиб кетмаслигига хизмат қилади.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олиниб, уларнинг сони 820 мингдан ошади.

Фармонда, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб бериш вазифалари ҳам белгилаб берилмоқда.

Бугунги мураккаб шароитда, ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли бу - аҳолининг бандлигини таъминлашдан иборатдир. Айниқса, карантин муносабати билан, иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис, Фармонда карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини янада қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳунармандлар учун 50 миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Ушбу маблағлар, албатта, ҳунармандларга ўз фаолиятини самарали ташкил қилиш, кенгайтириш ва  янги шогирдларни тайёрлаш учун катта имконият яратади.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда вужудга келган мураккаб вазиятда, давлатимиз раҳбари томонидан тўғри фармонлар қабул қилинмоқда, барча йўналишда ишлар тўғри ташкил қилинмоқда, минглаб масъул ходимлар кечаю-кундуз фидокорона меҳнат қилмоқда.

Бугунги кунда, пандемия билан курашиш, мамлакатимизда тиббий чораларни кўриш билан бир қаторда, жамиятимизнинг барча аъзоларидан улкан масъулият, қатъий интизом ва сабр-тоқатни талаб этмоқда.

Келинглар, барчамиз давлатимиз раҳбари атрофида янада жипслашайлик, қийинчиликларни енгишда сабр-матонатли бўлайлик ҳамда шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилайлик!

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси. 

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш