Ёрдамга муҳтож оилаларнинг ижтимоий ҳимояси янада кучаяди

 

Давлатимиз раҳбарининг биргаликда коронавирусни енгамиз, деган қатъий ишончи мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига катта ишонч ва матонат берди. Айниқса, аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ изчил саъй-ҳаракатлар одамларимиз қалбида меҳр-оқибат, инсонийлик туйғуларини янада мустаҳкамлади. Кам таъминланган оилаларга алоҳида кўмак кўрсатилмоқда.

Куни кеча қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда бу борада муҳим чоралар белгиланди.

Хусусан, фармонга кўра, жорий йилнинг март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, улар 6 ойдан 1 йилгача узайтириладиган бўлди. Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартибига оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириш назарда тутилди. 

Табиийки, бу минглаб оилаларнинг оғирини енгил қилди. Чунки моддий ёрдамга эҳтиёжи бор оилалар учун ҳозирги мураккаб шароитда бу ниҳоятда зарурдир. Одамларимиз ҳужжат йиғиш билан сарсон бўлмайди. Оддий тил билан айтганда, югур-югурларга ҳожат қолмайди.

Давлатимиз томонидан кўпга келган бу балони бартараф этиш, коронавирусга қарши қатъий курашиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Булар ким учун? Албатта, биз учун, эртамиз учун, фарзандларимиз учун. Дунё мамлакатлари молиявий муаммоларга дуч келган бугунги мураккаб шароитда ҳам фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига қаратилаётган эътибор сизу-биздан ҳам катта масъулият талаб этади.

Ваҳима берилмасдан, тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишимиз керак. Бу билан давлатимизга, ҳукуматимизга пандемияни енгиш учун катта ёрдам берган бўламиз. Яна бир нарсани унутмайлик, бу саъй-ҳаракатлар ким учундир эмас, аввало, ўзимиз учун, оиламиз учун. Уларни асраш ўз қўлимизда.


Малика РАШИДОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш