Мардановар халқим! “Қарс икки қўлдан чиқади”!

 

Куни кеча муҳтарам Президентимиз видеоселектор тарзида ўтган учрашувдаги Мурожаатномасида “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз” деб таъкидлаганлари халқимизнинг яна бир бора сергаклантирди, ушбу вирусга қарши курашиш масъулиятимизни икки баравар оширди десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқидан мамлакатимизнинг барча фуқароларининг кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Улар ҳам дунёни забт этган хасаталикни олдини олишга қарши курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатишга жазм қилмоқда, айниқса ташаббускор ёш йигит-қизларимизнинг сафи кундан-кунга кенгаймоқда.

Шу хусусда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қаторида қадимий Хива шаҳрида ҳам коронавирус эпидемиясига қарши бир қатор амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Республика Меҳнат ва бандлик вазирлиги билан ишсиз ўтирган 25 нафар ёшлар билан суҳбат ўтказиб, уларни Хива шаҳар санитария эпидемология осойишталик маркази ходимларига бириктирдик. Карантин вақти тугагунча бу ёшларимиз барча ҳудудларда тозалаш ишларини олиб борадилар, аҳолини мурожаатномада келтирилган пурмаъно сўзлар билан таништириб борган ҳолда аҳолининг тиббий билимларини оширишда кўмаклашмоқдалар.

Президентимиз мурожаатида тадбиркорларни бугунгидек таҳликали вазиятда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг амалий исботи сифатида “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.Давлатимиз раҳбарининг мурожаатномадаги “... туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади”, деган сўзлари ўз навбатида Хива шаҳридаги 50дан ортиқ оилавий меҳмонхоналарга ва 20 дан ортиқ жаҳон талабларига жавоб берадиган меҳмонхона эгаларини ҳам қувонтирди. Сонларда таҳлил қиладиган бўлсак - туризм экспорти Хива шаҳрида 2019 йилда 2018 йилга нисбатан – 4 млрд сўмдан 14 млрд.сўмга ошган эди, яъни даромад 100%дан ҳам ошиб кетганлигини инобатга олсак Юртбошимизнинг ушбу фаромондаги бу соҳага қаратилган эътибори хивалик тадбиркорларимизни қалбида келажакка ишончларини янада орттирди.

Фармон билан оилавий меҳмонхоналарни бошлаб қўйган, лекин ҳали тугата олмаган тадбиркорларимизни қўллаб-қувватланганлиги уларнинг руҳини кўтарди. Туризм мавсумига тайёгарлик кўриш мақсадида ҳар куни Хива шаҳар санитария эпидемология ва осойишталик маркази мутасаддилари шаҳардаги маданий мерос объектлари жойлашган “Ичан Қалъа” ва “Дешон қалъа” ҳудудларини ҳам дизенфекция қилиш ишларига ташаббускор ёшлар фаол иштирок этишмоқда.

ДИЛ СЎЗЛАРИМ! Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимизга карантин даврида олдингиданда яхшироқ шароитлар яратиб бераётганлигини изоҳлашга сўз топа олмай қоласан киши, баъзида у кишининг нутқларини қайта-қайта эшитаман ва шундай хулосага келаман: халқпарварлик, жавонмардийлик бунданда ортиқ бўлмаслигини ич-ичимдан ҳис қилган ҳолда кўзимдан ёшлар чиқиб кетади. Бу албатта, буюк аждодларимизнинг муносиб вориси – инсонийликлик қирраларини мукаммал ўзлаштириб олган, яратганнинг ҳамиша назарида бўлган, ўзбек халқининг “қалби қуёш” Юртбошимизга хос ва мос бўлган яна бир кўрсатилган “ЖАСОРАТ” дея оламан холос.

Мен афсус сўз устаси эмасман, аммо шу юртни севиб ардоқлайдиган, тирноғига тикон кирса фарёд чекадиган жонкуяриман. Ўз халқимни тарихини севаман ва бу тарихга бош эгаман. Тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини билганим ҳолда олдинлари Юртбошимизни халқни севувчи раҳбар сифатида машҳур “жавонмардийлик тимсоли” Паҳлавон Маҳмудга қиёслагим келар эди. Мана бугун, баралла овоз билан Юртбошимизни на фақат адолатпарвар давлат раҳбари, балки мана шу синовли дамларда вазминлик, ақл ва идрок билан ҳар бир масалага ёндашиб иш кўраётганлиги бутун дунё эътироф қилаётганлиги рост гап.

Кеча “Хоразм 24” каналига интервью бериб турганимда нутқимни бир жойга жамлай ололмай ва ҳис-ҳаяжонимни бошқара олмай қолдим. Мурожаатноманинг ва Фармоннинг имтиёзлари бўйича сўзни бошладим, аммо гапиряпману, лекин овозим қалтираяпти, кўнглимда кечаётган сўзларим бўғзимга қадалиб, уни ифода қилолмадим. Нега? Сабаби Юртбошимнинг мурожаатномадаги “Ҳар бир аҳолининг соғлиги мен учун жуда муҳим” деган гаплари ёдимга тушиб кетди. Яна бир даъватларига эътибор беринг. Мамлакатимиз ёшларига меҳрибон ота, жонкуяр мурожаат қилди, яъни - «Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман: Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг». Бу юзаги эзилиб гапирган гапларини хис қилдим. Кўзимдан шашқатор ёш қалқди. Мана ҳозир ҳам ушбу оталарча айтилган сўзни ёзяпман-у, ички ҳаяжонимни ва кўз ёшимни тўхтата олмаяпман. Бу кўз ёшлари том маънодаги - чин кўнгилдан айтилган миннатдорчилик кўз ёшлари эди. Ваҳоланки, мен қанча-қанча минбарларни ўз сўзим билан ўзимни жуда эркин тутишим билан забт этганман. Аммо, охирги Мурожаатнома менга ўхшаган қанчадан-қанча олиму-профессорларни, раҳбару-тадбиркорларни, шоиру-журналистларни, барча халқимизни бениҳоя тўлқинлантирди, энг асосийси “Темур Тузуклари”дагидек тафсилотлар каби буюк тарихимизни яна бир бора оламшумул воқеа сифатида “зарҳал ҳарфлар” билан безади.

Сўзимнинг хулосасида, шу шаҳарнинг жонкуяри сифатида, бу эпидемияни шаҳар аҳолиси бир-тану, бир жон бўлиб сидқидилдан кураш олиб боришига ишонаман. Жуда кўп манбаларга асосланиб, Хива шаҳри 3000 минг йилдан буён ўз тарихида жуда кўп қамалларни, эпидемияларни мардановор енган шаҳардир, дея оламан. Шаҳарнинг кўчаларини айланар эканман, ўша пайтлар қанчалик қийин иқтисодий шароитлар бўлганлиги, биров-бировдан хабар олиш жуда мушкул бўлганлиги, етар-етмаслик, касалликлар, очлик, озиқ-овқат, дори-дармонларнинг етишмасада халқимиз бирлашиб, меҳр-оқибат каби қадриятлар сабабли омон қолган. Йўлак бўйлаб уйга етгунча аждодларимизнинг қийин аҳволи кўз олдимдан бирин-кетин ўтади. Мен юрган мана шу йўлакларда қанча-қанча ватандошларимнинг излари бор. Бу синовли кунларда муҳтарам Юртбошимиз ва ҳукуматимиз мутасаддилари озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш,нархнавонинг ошиб кетмаслиги юзасидан бир қанча фармон ва қарорлар,чора-тадбирлар қабул қилди. Мутасаддилар ҳар бир оила аҳволини ўрганиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам манзилли кириб бормоқда. Уларни оғирини енгил қилишмоқда. Шу боис ҳам биз Юртбошимизга ва ҳукуматимизга ташаккурлар айтамиз.

Биз албатта, саросимага тушмаймиз, ваҳимага йўл қўймаймиз!

Азиз юртдошларим! Қарс икки қўлдан чиқади, сиз янада фаолроқ бўлинг, донишмандлигингизни, тадбиркор ва сабрли эканлигингизни, қадим удумларимизни давомчиси сифатида озода ва саришта халқ эканлигингизни кўрсатадиган вақт келганлигини ва бу ишларни самарали йўлга қўйиш бизга кўпроқ боғлик эканлигини унутманг! Биз буюк халқ фарзанларимиз ва биз бу вирусни енгамиз ва олдингидан ҳам кўпроқ ютуқларга эришамиз.


Гавҳар ДУРДИЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Архитектура фанлари доктори, профессор.

← Рўйхатга қайтиш