Давлат ва жамиятга ишончи йўқолган одам ҳамма нарсага тайёр бўлади. Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг муаммоси тизимли ҳал этилиши зарур

 

Бола дунёга келар экан ота-онаси унга тарбия беради, боқиб катта қилади. Ўқитади, уй-жойли қилади. Лекин бу имконият барчада ҳам мавжуд эмас. Меҳрибонлик уйида вояга етган қора кўзларнинг қалбидаги ота-она меҳрига ташналик, улғайгач бошпанасизлик, ишсизлик, чорасизлик билан ўрин алмашади. Халқ демократик партияси сайловолди дастурида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ижтимоий ҳимоялаш, уй-жой билан таъминлашни яхшилаш вазифаси ҳам белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова билан ҳамкорликда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш ҳамда уларни уй-жой билан таъминлаш масаласида Тошкент вилоятида ўрганиш ишларини олиб борилди. Меҳрибонлик уйи битирувчилари, яъни айни пайтда бошпанасиз бўлган фуқаролар иштирокида Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов қабулида бўлинди.

Меҳрибонлик уйлари битирувчилари уй-жой ололмагач, аччиқ тақдир қандай синовларга дучор қилганини уларнинг ўзидан эшитсак.

 

Алесия Халикова:

Ўрта Чирчиқдаги Меҳрибонлик уйида вояга етганман. 2003 йил Меҳрибонлик уйи ҳисобидан чиқарилдим, ўша ердан ўз хоҳишимсиз турмушга узатишди. Шундан буён давлатимиздан менга уй беришини сўраб мурожаат қиламан, ижара уйда яшаб келяпман. 3 фарзандим бор. Кенжамни ўзим билан олиб келганман. Чунки уй эгаси билан бирга яшаймиз. Бир хонани ижарага олганман. Қолган болаларим эрим билан. Официант бўлиб ишлайман, 600 минг ойлик оламан. Шу тарзда яшаб туришга мажбурман. Чирчиқдаги бир танишимдан илтимос қилиб, унинг уйига вақтинчалик рўйхатдан ўтдим. Чунки ишлашим, болаларимни боқишим керак.

Катта қизим бу йил мактабнинг 9 синфини тамомлайди. Паспорт олиши керак. Аммо ҳеч қаерда рўйхатда турмагани сабабли қизимга паспорт ҳам ололмаймиз. Қизимнинг орзулар улкан, ҳарбий ҳамшира бўлишни хоҳлайди. Унинг орзулари хаёллигича қолишини ўйлаб хавотирдаман. Ота-она тақдири болаларига соя солишини ўйламаган эканман.

2017 йилдан буён қизимга нима керак бўлса, ўзимга айтишини сўрайман. Озиқ-овқат маҳсулотлари, харажатлари учун пул ва бошқа кам-кўстини ўзим қиламан. У отасининг уйида фақатгина ётиб туриш учун қолади, унинг ҳисобидан яшамайди.

Кичик қизим 3-4 марта мактабини алмаштиришига тўғри келди. Бормаган жойим, тақиллатмаган эшигим қолмади. 17 йилдан буён шу қадар чарчадимки, ҳатто умидим ҳам қолмади. Алия Юнусова билан гаплашганимдан кейин умид уйғонгандек бўлди. Бироқ шунда ҳам муаммо ҳал бўлишига ишонмай турибман. Сабаби мен бормаган бирор бир ташкилот қолмади. У киши айтган ва мурожаат қилаётган ҳамма жойга мен ҳам борганман.

Биласизми, фарзандларимнинг отаси мендан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиб қўйган. Уни бериш учун 1,5 миллион сўм талаб қилди. Уни 17 йилдан бери танир эканман ҳеч қаерда ишламайди. Доим ир гапни аткрорлайди: “мен 300 минг учун давлатга ишламайман”. Ахир болаларни боқиш керакку... Шунинг учун 9 йилдан буён бирга яшамаймиз. Лекин расман никоҳимиз бекор қилинмаган. 3 йил олдин унга пул беришни тўхтатдим. Пулни катта қизимга бера бошладим. Чунки отаси берган пулларимни ичкиликка сарфлайди. Болаларим эса оч қолади. Яқинда эрим мени алиментга берганини билдим. Ҳеч ким бу ҳақда мени огоҳлантирмаган. Ваҳоланки, суд қарори 2018 йилда чиққан экан. Шундан буён 33 миллиондан ортиқ қарз ёзилибди. Икки ҳафта олдин шунча қарзим бор эканини эшитиб, ақлим шошди. Шунчаси камдек, бу ҳам яна бир муаммо. Оққўрғонга бордим, судья билан гаплашдим. Тўлашга мажбур эканимни айтди. Қанқасига ахир бир фарзандим мен билан яшайди?.. Отаси ҳеч қачон бирор жойда ишламаган. Болаларни боқиш учун ўзим тиришиб тирмашаман. Суриштирмасдан, масаланинг моҳиятини билмасдан, қандай қилиб шунча қарзни бўйнимга илишганига ҳайронман. Шундан сўнг ушбу масалада чамаси бир ҳафталар олдин Президент порталига қўнғироқ қилдим. Улар суришитиб, жавобини айтамиз, деди.

Алия Юнусова алимент билан боғлиқ муаммоли масалада ёрдам берадиган бўлди. Вилоят ҳокимлиги томонидан аёлга Оҳангарон туманидан уй ажратилиши ҳақида ваъда берилди. Бунинг учун зарур ҳужжатлар тақдим этиладиган бўлди. Яна янги ваъдалар билан уйига йўл олган аёлнинг юз-кўзида мамнуният кўринмади. Аксинча, ҳадик ва хавотир аломатлари бор эди.

Антон Ивушкиннинг ҳеч кими йўқ, кўзлари хиралашган, 10 йилдан буён уй-жойсиз кун кечириб келади. Ҳақ-ҳуқуқи учун курашиб, идорама-идора юрган йигит хануз яхши кунлар келишига ишонади. У ҳам Алия Юнусовага ёрдам сўраб мурожаат қилган. Антон 1992 йили Янгийўл шаҳрида туғилган. Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқ шаҳридаги меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатларида ўқиб, 2010 йилда Бўстонлиқ туманидаги коллежни тамомлаган. Шундан буён ҳокимиятга уй сўраб мурожаат қилиб келади. Бир неча ҳудудда яшаб, улғайган болага ким уй бериши кераклиги ҳақида саволга ҳали ҳамон жавоб топилмаган. Хўш, Антон каби бир жойда туғилиб, вазият тақазосига кўра бошқа бир жойда яшаган (албатта ўз хоҳишига кўра эмас) етим болаларга ким уй бериши керак?

Вилоят ҳокимиятида бўлиб ўтган учрашувда Антоннинг ҳам сўзларига қулоқ тутилди. Унинг айтишича, Олмалиқ шаҳридаги эски умумий турар жойдан унга хонадон ажратилган. Бироқ тўкилиб тушаётган уйда яшаш умуман имконсиз, ҳаёт учун хавфли. На ойнаси, на эшиклари бор. Электр тармоғи узилган. Яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Антон қаерда паноҳ топса, ўша ерда кун кечириб юрганини билдирди. Унинг сўзларига қараганда, аввалроқ унга ажратилган хонадонда қандайдир бир оила яшаган экан. Уларни чиқариб юбориб, Антонни жойлаштирамиз дейишган. Хонадон эгалари эса Антондан ордер ва бошқа хужжатларни сўраган. Кейин у яна идорама-идора юришга мажбур бўлган.

Николай Пиминов қўли гул уста. Қурилиш коллежини тамомлаган. Вақтинчалик қурилиш ишларида ишлаб, кун кечиради. Паспорти бор, лекин 5 йилдан буён ҳеч қаерда рўйхатда турмайди. Муқим иш ўрни, яшашга бошпанаси ҳам йўқ.

Иш берувчилар қаерда яшашимни, қаерда рўйхатдан ўтганимни сўрайди, — дейди Николай. — Ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаганимни, яшаш жойим тайин эмаслигини билгач, ўзини олиб қочишади. Бундай вазиятда иш топишим ҳам жуда қийин. Ҳозир синфдошимнинг холасиникида қоляпман. Бу ҳам вақтинчалик. Мурожаатларим, берилган ваъдаларнинг барчаси амалга ошмай келмоқда. Бир укам бор эди, у бир неча йил олдин жинояти сабабли қамоққа олинган. Укамнинг тақдирини такрорламаслик учун қўлимдан келганча меҳнат қиламан. Лекин ўз уйинг бўлмаса бари бекор экан...

Маргарита Михалян 1989 йилда туғилган. Ангрен шаҳридаги 34-сон махсус мактаб-интернатида таълим-тарбия олган.

Менинг асосий муаммоим хужжатлар билан боғлиқ, дейдт у. – Болалар уйида тарбияланганман, лекин онам ҳаёт. Унинг уйи бор, раҳматли укамдан қолган. Лекин онам ҳали ҳам қизил паспорт билан яшайди. Мана, фарзандим 4 ёшга кирди. Унга на туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололдим, на ўзимни пропискага қўя олдим. Онам билан бирга Ғазалкентда турамиз. Уй ҳужжатлари унинг номига расмийлаштирилмагани сабабли рўйхатга тура олмаяпман. Шунинг учун онамнинг уйини расмийлаштиришда ёрдам сўрайман. Чунки пропискасиз ишга жойлашиш, шифохонада рўйхатда туришнинг иложи йўқ. Жуда ҳам қийин вазиятдаман. Кимга мурожаат қилишни билмайман. Шу сабабли танишим бўлган Антон Ивушкиндан ёрдам сўрадим. У сизларга мурожаат қилишимни айтди.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бир-бирига мутлақо бегона. Бироқ уларнинг дарди, ташвиши, муаммоси бир хил. Ҳокимият томонидан уларнинг барчасига Оҳангарон туманидаги Миробод массивидан уй ажратиладиган, ҳужжат ишлари ва бандлик масаласида ҳам ёрдам бериладиган бўлди. Ҳокимият ваъдасини бажара оладими?..

Умуман, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларига уй-жой ажратиш бўйича бутун республикамизда муаммолар тўпланиб қолган. Бунинг асосий сабаби ҳукуматнинг тегишли меъёрий ҳужжатида молиявий манба ва ресурслар асослаб, аниқ кўрсатилмаган.

Халқ демократик партияси депутатлари ушбу масалани атрофлича ўрганган. Ҳудудлардаги ҳокимият вакиллари, бошқа мутасаддилар билан фикр алмашилганда, шундай хулоса юзага чиққан. Бу долзарб масала билан боғлиқ таклифлар партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига етказилган.

Парламент депутатлари Ҳукуматнинг 2010 йил 2 августда қабул қилинган 164-сонли қарори билан тасдиқланган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф тайёрламоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

журналист.

← Рўйхатга қайтиш