Қатъий интизом, ҳамжиҳатлик билан коронавирусни енгамиз

 

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш, касалланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини карантин чекловлари оқибатида юзага келаётган қийинчиликлардан ҳимоялаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилишида шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Президентимиз бошчилигида вирус хавфини тўлиқ бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётгани қайд этилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 апрель куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони долзарб ижтимоий аҳамиятга бўлгани таъкидланди. Депутатлар қайд этишича, аҳоли, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чоралар кўриладиган бўлди. Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди. Бу эса ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларининг нархлари ошиб кетмаслигига хизмат қилади. Фармонга кўра, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан, 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олиниб, уларнинг сони 820 мингдан ошади. Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб бериш вазифалари ҳам белгилаб берилди. Фракция аъзолари бу инсонпарвар чоралар партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда катта ижтимоий аҳамият касб этишини, юртимизда коронавирусга қарши курашиш, унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шу билан бирга, депутатлар ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш зарурати мавжудлиги, бу борада қонунчилик ташаббуси билан чиқиш лозимлигига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, фракция аъзоларига кўра, Конституциямизда белгиланган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилаш, бунинг учун “яшаш минимуми” ҳақида қонун қабул қилиш жоиз. Ишлашига қарамай рўзғор тебратишга қийналадиган, пенсия ва нафақа оладиган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялашда, эҳтиёжмандлик ва камбағаллик чегараларини белгилашда, бу борадаги ёндашувни халқаро меъёрларга мослаштиришда ушбу қонун катта аҳамият эга бўларди. Шунинг учун фракция аъзолари тегишли қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқишни тезлаштириш кераклигини қайд этди.

Синовли кунларда халқимизни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга ундаш, хотиржамликни асраш, ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш энг муҳим ва масъулиятли вазифалардан биридир.

Шу мақсадда Халқ демократик партияси мурожаати эълон қилинган. Мазкур мурожаатда, Президентимиз таъкидланганидек, ҳар биримиз касалликни маҳалламизга, оиламизга олиб кирмасликка масъул ва жавобгар эканимизга алоҳида урғу берилган.

Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гапларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз лозим. Ушбу синовли кунларда фарзандларимиз билан бирга масофадан таълим олиш, китоб ўқиш, уй ва баҳорги юмушларни бажариш билан жонажон Ўзбекистонимизни ривожига муносиб ҳиссамизни кўшган бўламиз, дейилади партия мурожаатида.

Фракция аъзолари, барча даражадаги депутатлар ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, хотиржамликни сақлаш, кундалик зарур истеъмол маҳсулотларининг нархи асоссиз оширишилишига йўл қўймаслик бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим вазифа эканини қайд этишди.


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш