Уйда қолиб, оила даврасида бўлишни ҳам ғанимат ва яхши имконият деб билиш керак

 

Азиз сайловчилар!

Дунё ҳамжамиятини катта ташвишга солган коронавирус пандемияси бугун олдимизга кўплаб синовларни қўймоқда. Бу жараёнда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқлари фаолияти ва аҳолининг ижтимоий ҳаётини барқарорлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Айниқса, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг белгиланиши ёлғиз кексалар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ва кам даромадли оилаларни бугунги таҳликали кунлардан эсон-омон олиб чиқишга қаратилган.

Саломатлигимиз авваламбор ўзимизга керак. Бугунги шароитда айниқса, бу ўта долзарб. ОАВлари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш касаллик профилактикасининг энг самарали йўли сифатида тарғибот қилинаётганига қарамай ҳамютрларимиз эҳтиёт чоралари хусусан, зарурат юзасидан кўча-куйга чиққанда ниқоблардан фойдаланишни лозим топишмаяпти. Бу ахир ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун керак.

Зеро, фуқароларимизнинг юртимизда давлат томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирларга монанд равишда тавсия этилаётган тиббий ва карантин талабларига қатъий риоя қилишлари олдимизда турган хавотирли вазиятдан эсон-омон ўтишимизнинг энг асосий омилидир.

Бу жараёнда хонадондан чиқмаслик нафақат ўзимизнинг, балки оила аъзоларимиз, қўни-қўшниларимиз ва ҳамюртларимизнинг ҳаётига катта наф келтиришини барчамиз англаб етишимиз лозим. Оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлардан хабар қилинаётган расмий хабарлардан маълумки, биргина беморнинг эътиборсизлиги ёки берилган тавсияларга масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиши қанчадан-қанча инсонлар саломатлигига жиддий зарар келтирмоқда. Шу боис, оқибати ёмон натижалар келтирувчи ҳатти-ҳаракатлардан сақланиш ва ҳозирги вазият тақдим этган фурсатни ҳам ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланиш, китоб ўқиш, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратиш ҳаммамиз учун манфаатли бўлишини ёддан чиқармаслигимиз керак.


Зулайхо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш