Айни пайтда энг кўп ишлатилаётган, одамларнинг қалбига хавотир солган сўз бу шубҳасиз коронавирус сўзидир. Бутун дунёда инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. COVID 19 инфекциясига қарши ер юзидаги барча мутахассислар чоралар изламоқда. Мамлакатимизда ҳам Презитдентимиз раҳнамолигида эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоялаш учун барча чоралар кўрилмоқда. Фуқаролардан эса сабр-тоқатли бўлиш, бирдамлик ва огоҳлик талаб этилмоқда.
Одамлар ваҳимага берилмасдан, уйда қолиб, карантин қоидаларига тўлиқ риоя этсалар, ушбу муаммони ҳам тез ва осон енгиб ўтамиз. Зеро, ҳар бир соҳада, айниқса, ижтимоий йўналишда алоҳида чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Куни кеча Президентимиз ҳам халқимизга қилган мурожаатида буни яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Халқимиз унутмаслиги керакки, давлатимиз коронавирус тарқаб кетмаслиги учун барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши лозим. Президентимиз мурожаатида халқимизда касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни яна бир бор огоҳликка чақирди. Нима қилишимиз керак? Бу ҳеч кимда қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун энг оддий гигиеник қоидаларга амал қилишимиз, аждодларимиздан қолган қадриятларни амалда кенг қўллашимиз керак. “Ассалому алайкум” сўзининг ўзида барча яхши тилакларимиз мужассам. Мутахассислар қўл бериб, қўчоқлашиб сўрашишдан тийилиб туришни тавсия қилмоқда. Аслида, қўл бериб сўрашишнинг ҳам тарихи бор. Ибтидоий одамлар бир-бирига дуч келганда, "Мен сени ўлдирмоқчи эмасман, қара, қўлимда тош йўқ" деган маънода бир-бирларининг қўлларини ушлаб қўйишаркан. Демак, қўл бериб саломлашиш жуда қадимдан қолган ва дунё аҳлига хос одатга айланиб кетган. Қучоқлашиш одати эса бизга четдан кириб келган. Абдулла Қодрийнинг Ўтган кунлар фильмини ҳаммамиз севиб томоша қиламиз. Эътибор берган бўлсангиз, фильмда қўлларини кўксига қўйиб Ассалому алайкум деб хол-аҳвол сўрашганлигини кўрмиз. Ушбу қадриятларимиз, кундалик ҳаётимизга яна қайтса нур устига аъло нур бўларди. Бу ҳам бир қадриятимиз-ку.
Партиямиз электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари бугун ҳам эътиборнинг энг марказидан ўрин олган. 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам Президент алоҳида қайд этилди.
Таъкидландики, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади. Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб оламиз (ҳозирда 600 мингта). Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Буларнинг барчаси учун биз миннатдор бўлишимиз, зиммамиздаги энг оддий масъулиятни сидқидилдан бажаршимиз керак. Яъни, уйимизда қолиб, фарзандимиз ва оила аъзоларимизни эҳтиётлашимиз лозим. Карантин вақтида ортиқча кўчага чиқишни тўхтатиш, болаларимизга онлайн сабоқ олишлари, китоб ўқишлари учун имкон яратиш, ўзимиз уларга ўрнак кўрсатиб, фойдалий ишлар билан машғул бўлишимиз зарур. Ана шунда бекорчи хаёлларга чалғимаймиз. Ноўрин ваҳима ва шов-шувларга ўрин қолмайди. Унутманг, ўзимиз ва ўз оиламизни ўзимиз асрайлик шиорига бугун ҳар қачонгидан ҳам қатъийроқ ҳамда тўла тўкис амал қилишимиз талаб этилади.
Сайёра ФАЙЗИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси,
Ҳалқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати.