Эҳтиёжмандлар эътибор марказида

 

Халқимиз ўта синовли кунларни бошдан кечираётган бир пайтда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам бериш ҳар биримизнинг вазифамизга айланди. Зеро, тиббиёт ходимлари ва олимлар меҳнати бу офатни енгишда жуда катта роль ўйнасада, пандемияни бартараф этишда аввало инсонларнинг ўзлари, улар ўртасидаги меҳр-оқибат ва масъулият муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан Олий Мажлис Сенати аъзолари бу жараёнда муносиб иштирок этиб келмоқдалар.

Жумладан, сенаторлар пандемия пайтида ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги маҳаллий Кенгаш депутатлари билан масофадан туриб интерфаол тарзда иш олиб бормоқдалар. Хусусан, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова томонидан ўзига бириктирилган Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ, Қибрай, Тошкент туманлари ва Янгийўл шаҳри мутасаддилари билан биргаликда “Сенатор ва депутатлар” (@malikakadirxanova) телеграм канали ташкил этилди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари ушбу канал орқали республикамиздаги ўзгаришлар, янги қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тезкор равишда таништирилмоқда. Шу билан бир қаторда тегишли топшириқ ва тавсиялар ҳам уларга шу манба орқали етказиляпти.

Сенаторлар бошчилигида ҳар бир маҳаллий Кенгаш депутати томонидан ўзига бириктирилган ҳудудларда биринчи навбатда ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг рўйхати шакллантирилди. Аҳолининг ушбу қатламларига биринчи навбатда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, тиббий ниқоблар, антисептик воситалар беғараз етказиб берилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1-3 апрел кунлари Тошкент, Қибрай, Зангиота, Қуйичирчиқ туманлари ва Янгийўл шаҳридаги жами 250 га яқин оилаларга маҳаллий Кенгаш депутатлари ва жойлардаги тадбиркорлар орқали манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, моддий ёрдам сўраб ёзма мурожаат йўллаган фуқароларнинг пластик карталарига фарзандини даволаш, дори-дармон ва биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун маблағ ўтказиб берилди.

Сенаторлар томонидан маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда, уюшган ҳолда олиб борилаётган бундай хайрли ишларнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, пандемияга қарши курашда энг асосий куч – бу бизнинг бирдамлигимиз ва халқимизга хос энг яхши фазилатлардир.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш