Видеомулоқотдан репортаж: Сайловолди дастури лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Бугун ЎзХДП Марказий Кенгашида навбатдаги видеомулоқот ўтказилмоқда. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, ҳудудий студияларда минтақавий партия кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, туман (шаҳар) кенгашлари раислари иштирок этяпти.

Видеомулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича вазифалари муҳокама марказига қўйилди.

 

Партия ташкилотларининг фракция билан узвий алоқасини янада кучайтириш керак

Анжуман кун тартибидан ўрин олган ушбу масала юзасидан фракция раҳбари вазифасини бажарувчи Абдуғаффор Қирғизбоев сўзга чиқди:

– Мана 5 йил якунланиб боряпти. Хўш, ўтган давр мобайнида нима ишлар қилдик ва нима ишлар қила олмадик? Бор йўғи 3-4 ойдан кейин ҳар бир партия ташкилотининг фаолиятига, жойлардаги обрў-эътиборига халқимиз баҳо беради. Депутатликка номзодларимизни қўллаб-қувватласа, бу ҳам партияга катта ишонч дегани.

Ўтган давр мобайнида парламентдаги партия фракцияси ва партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлашга жиддий эътибор бердик. Бир қатор қонун лойиҳаларни уларга жўнатдик, уларга муносабат билдирилди. Ўтган йилнинг 140 тадан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Электоратимиз манфаатларига алоқадор кўплаб қарор ва фармонлар чиқяпти. Лекин маҳаллий партия кенгашлари раисларининг муносабати ҳақида ОАВларида чиқиши суст даражада.

Ҳозир шундай бир даврга келдикки, хонада ўтириб, ишни ташкил этиб бўлмайди. Биз халқ вакилимиз. Демак, одамлар орасида бўлишимиз, улар билан елкама-елка туришимиз керак. Бунда, албатта, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан маҳаллий Кенгаш депутатларининг узвий ҳамкорлигини кучайтириш талаб этилади, албатта.

Шундан келиб чиқиб, биз жойлардаги маҳаллий партия ташкилотлари билан, депутатлик гуруҳлари билан изчил ҳамкорлик қиляпмиз. Масалан, партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўрганиш, уларни ижобий ҳал этишда биргаликда ҳаракат қиляпмиз. Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларидан кенг фойдаланишимиз лозим, деб ўйлайман. Партия электорати бўлган ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича туман ва шаҳарлардаги ишларнинг аҳволи, чекка ҳудудларда яшовчи ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа эхтиёжманд одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўришда ҳам бу ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур.

Яна бир гап. Бугун фуқаролар оммавий ахборот воситаларига фақат ахборот олиш манбаи сифатида эмас, балки ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи восита нуқтаи назаридан муносабат билдиришмоқда. Умуман олганда, кишиларда ўз шахсий фикри ва муносабатини эркин ифода этиш истаги кучайиб боряпти. Демак, мана шундай муҳим паллада партиямизнинг нуфузини оширишга ҳаракат қилишимиз керак. Фаолларимиз ва депутатлар партиямиз матбуоти — «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари орқали мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисалар юзасидан фаол муносабат билдириши зарур, деб ўйлайман.

 

Сайловолди дастури лойиҳаси янада такомиллашмоқда

Хабарингиз бор, партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури жойларда ўтказилаётган семинарларда кенг муҳокама этилмоқда. Ўтган давр мобайнида вилоят, туман фаоллари томонидан партия дастурий ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Мазкур таклифлар ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва ҳар иккала ҳужжат лойиҳасини такомиллаштиришда фойдаланилди. Янги дастур ва Сайловолди дастури партия Қурултойида тасдиқланади. Унгача улар янада асосли ва янги таклифлар билан бойитилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев бу борадаги навбатдаги вазифалар тўғрисида маъруза қилди:

– Биз олдинги видеоселектор йиғилишида партиямиз Дастур ва Сайловолди дастурини “пирамида” шаклида тузилишини таклиф қилган эдик. Ушбу таклифимиз барча партиядошларимиз ҳамда экспертларимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Биз нима учун Сайловолди дастурини айнан шу тарзда тузишни таклиф қилдик?

Ўтган даврдаги фаолиятимизга назар ташлайдиган бўлсак, 2014 йилда қабул қилган Сайловолди дастурини ижросида режали ва тизимли ёндашув бўлмаган. Сессияга киритилган аксарият масалалар партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан боғлиқ эмас. Яъни, сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросида минтақавий Кенгаш депутатлик гуруҳларининг иштироки суст даражада.

Бу билан минтақавий партия кенгашлари фаолиятини танқид қилиш фикридан йироқмиз. Мақсадимиз – олдинги йўл қўйган хатоларимиздан тўғри хулоса чиқариб, келгусида ишимизни тўғри ташкил қилишдан иборатдир.

Биз олдинги хатоларимиздан хулоса қилиб, Сайловолди дастуримизни “пирамида” шаклида тузишга қарор қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсадимиз – партиямиз ўз ҳимоясига олган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг барча муаммоларини имкон қадар тўлиқ қамраб олиш ҳамда уларни тизимли, режали равишда ечиб боришдан иборатдир.

Пирамиданинг энг қуйи қисмида – ҳар бир тумандаги округ бўйича дастурий вазифалар турибди. Яъни ҳар бир туман кенгаши депутатлигига номзодларнинг ўз округи бўйича дастури тайёрланиши керак. Пирамиданинг 2-қаватида – туман (шаҳар) даражасидаги дастурий вазифалар турибди. Яъни, туман (шаҳар)даги округлар бўйича вазифалар умумлаштирилиб, туман даражасидаги дастур тайёрланади. Ушбу дастурий вазифалар сайловларда Вилоят кенгашига ҳамда Қонунчилик палатасига депутатликка номзодларга дастур тайёрлаш учун асос бўлади.

Пирамиданинг 3-қаватида – Қорақалпоғистон республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича дастурий вазифалар турибди. Яъни, 202 туман (шаҳар)даги вазифалар умумлаштирилиб, ҳар бир минтақа бўйича дастур тайёрланади. Ушбу дастурий вазифалар ҳам сайловларда Қонунчилик палатасига депутатликка номзодларга дастур тайёрлаш учун асос бўлади.

4-қаватда эса партиямизнинг Сайловолди дастури турибди. Биз ҳозир партиянинг Сайловолди дастурини бирламчи вариантини тайёрладик, Сизларга куни кеча электрон почта орқали жўнатдик. Ушбу Дастур сизлар берган таклифлар асосида тайёрланган. Лекин, ҳозир пирамида шаклида ишни ташкил қилсак, табийки, ушбу Дастурга яна қўшимча ўзгартиришлар киритилади. Яъни, Қорақалпоғистон республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича дастурий вазифалар умумлаштирилиб, партиянинг Сайловолди дастури маромига етказилади.

Унинг энг юқори қисмида эса партиянинг Дастури – яъни партиянинг мафкураси, мақсади унга эришиш йўлларини ўзида акс этган мафкуравий ҳужжати турибди.

 

Округнинг ижтимоий харитаси ҳақида...

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев шу хусусида тўхталиб ўтмоқда:

– Таъкидлаш керакки, сайлов арафасида ҳар бир округдаги вазиятни ҳар томонлама таҳлил қилиш сайловолди дастурларини тайёрлашнинг муҳим йўналишидир. Шунинг учун, керакли ахборотларни тўплаш ва умумлаштириш асосида округнинг кенгайтирилган тавсифи, яъни «ижтимоий харитаси» тузиш керак.

Бунда, биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг сонини аниқлаб олинади. Шунингдек: округнинг иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаси ҳолати ўрганилади (нечта больница, нечта мактаб, нечта корхона ва ҳ.к.з.), уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш ишлар ҳолати таҳлил қилинади. Аҳоли бандлигини таъминлаш аҳволи аниқланади. Ва энг асосийси, аҳолининг заиф қатламларининг қийнаётган муаммолар ўрганилади.

«Ижтимоий харитамизда» маълумот қанчалик кўп бўлса, эртага сайловолди дастури тайёрлашимиз янада осон бўлади.

Ушбу харита нафақат сайловолди дастури тайёрлашда балки, сайлов жараёнларида тарғибот ишларини режалаштиришда, умуман сайлов компаниясини олиб бориш учун қулайлик яратади.

Сўз навбати ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Равшан Ҳомитовга берилди. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг тарғибот воситаларини жойлардаги ҳолати тўғрисида гапириб ўтади.

Бир неча дақиқадан кейин бу ҳақида сизга тўлиқроқ хабар берамиз.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш