Вирусга қарши фақат шифокорлар эмас, биз ҳам курашишимиз керак

 

Барчага ойдек равшан ва маълумки, бугунги кунда бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ хатарли эпидемиологик вазият ҳукм сурмоқда. Минг афсуски, ғоятда тез суръатларда тарқалиш хусусиятига эга бўлган ушбу касаллик юртимизга ҳам кириб келди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали барчамиз коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазиятдан хабардор бўлиб турибмиз.

Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу глобал миқёсдаги офатдан халқимизни асраш борасида барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртимизда тезкорлик билан қатъий карантин чоралари қўлланилган.

Халқимиз ҳам бу катта синов олдида ўзининг собит иродаси, ҳамжиҳатлиги, олижаноблиги ва уюшқоқлигини намоён қилмоқда. Карантин тартиб-қоидаларига бўйсуниб, ўзини, оиласини, Ватанимизни асраш йўлида уйда қолаётган ҳамюртларимиз коронавирус пандемиясини жиловлашга сафарбар фидойилар билан гўёки бир сафда турибди.

Доно халқимиз “Арғамчига — қил қувват”, деб бежиз айтмаган. Ҳамжиҳатлик, бирлашиш, қўл-қанот бўлиш – бугунги лаҳзаларда энг керак бўлган фазилатлар шулардир.

Аммо, минг таассуфлар бўлсинки, ҳали ҳамон эпидемия хавфига бепарво муносабатда бўлаётган одамлар ҳам учраб турибди. Ўзининг, ота-онасининг ва фарзандларининг ҳаётига эътиборсизликни асло оқлаб бўлмайди. Бундай бепарво юртдошларимиз фурсат борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Дунёга ибн Синоларни берган юртнинг фарзанди эканлигимизни ёдда тутайлик.

Шу йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пандемия тарқалишининг олдини олиш борасида халқимизга яна бир бора мурожаат қилди.

Мурожаатда коронавирус тарқалиб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўришини, аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз кераклиги, касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимиз таъкидланди.

Мутахассислар «япон феномени»ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар.

Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади...

Ана энди танамизга холисонилло бир ўйлаб кўрсак, чиндан ҳам тозалик-озодаликка бекаму кўст риоя этиш – асли бизнинг миллий қадриятимизнинг ажралмас бир қисми эмасмиди? Момоларимиз ва оналаримиз қиз бола тарбияланаётган хонадонда унга поклик-озодаликни пиёла ювишдан бошлаб ўргатиши сир эмас-ку. Келинларнинг кўча супуришидан тортиб, жамбил-райҳон экишларигача она замин ва ҳавони мусаффолаш алифбоси эди.

Негадир кейинги пайтларда шундай яхши одатларимиз сал унутилаётгандай бўлиб қолди. Умид қиламизки, бу синов яна ўзлигимизга, пок момоларимиз берган сабоқларга қайтишимизга бир сабаб бўлади.

Ҳамжиҳатлик, бирдамлик, қоидаларга риоя қилиш, яхши ният, собит ирода ҳар биримизга йўлдош бўлсин.


Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш