Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлашда муҳим ўзгаришлар бўлади

 

Тиббиёт соҳаси, айниқса, кейинги кунлардаги вазиятлардан келиб чиқадиган бўлсак, ўта жиддий ислоҳотга муҳтож соҳалардан бири сифатида қолаётган эди.

Тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва жаҳон стандарти даражасига олиб чиқиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Бир неча йил олдин пахта терими даврида вилоят марказидаги тез ёрдам бўлимига ишим тушган ва ўша даврдаги тез ёрдам бўлимининг ҳолатини кўриб жудаям ачиниб кетган эдим.

Яқинда гувоҳи бўлдим. Аавалги тез ёрдам бўлимлари энди бошқача. Бинолар таъмирланган, шифокорлар хушмуомила, моддий техник базаси ҳавас қилгулик даражада. Туманлар ва чекка ҳудудлардаги поликлиникалар эса таъмирдан чиқарилиб моддий техник базалари кўчайтирилмоқда.

Тиббиёт ходими эмасман, лекин Президентимизнинг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги энг асосий муаммолардан бири кадрлар масаласини тубдан ислоҳ этишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Кадрлар тайёрлашда паст самара кўрсатаётган тиббиёт коллежлари тизими ўзгариб, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши ўрта тиббиёт ходимлари етиштиришни янги босқичга кўтаради.

Қарорга кўра, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида масофавий таълим орқали дарс машғулотлари ўтказилиши кадрлар салоҳияти ортишига хизмат қилади. Шу билан бирга, техникумларнинг моддий техника даражаси замонавийлашиши, илғор билим ва малакага эга бўлган ўрта даражадаги тиббиёт ходимларининг соҳага кириб келиши натижасида кадрлар танқислиги масаласи ҳам бартараф этилади.

Бугунги кунда соҳада кадрларга бўлган эҳтиёж жуда катта. Одамлар касалликка чалинганида биринчи бўлиб учрайдиган энг қуйи қатламдаги қишлоқ оилавий поликлиникаларининг аксариятида атига 1 нафар олий маълумотли врачларни учратиш мумкин холос. Уларнинг аксарияти ҳам нафақа ёшида.

Тор мутахассисликдаги шифокорларни эса гапирмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, соҳада қуйи тармоқдаги тиббиёт муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Қарор ана шу муаммони бартараф этишга қаратилгани билан долзарбдир.

Қарордаги яна бир жиҳатни таъкидлашни истар эдим. Яъни, тиббиёт олийгоҳларида соҳага оид бўлмаган бошқа фанларнинг 2 баробарга қисқартирилиши талабаларнинг юқори малакали кадр бўлиб етишишига шароит яратади. Яқин қариндошларим тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олишгани учун ушбу муаммо бегона эмас. Тиббиёт олийгоҳларида 1-2 курсларда ўтиладиган фанларни камайтириш, талабаларни кўпроқ амалиётга йўналтириш мақсадга мувофиқ. Битта талаба олийгоҳни тугатиб, умумий амалиёт шифокори бўлиш учун 7 йил, агар тор доирадаги мутахассис бўлишни хоҳласа, 10 йил умрини сарф этади.

Ўйлашимча, қарордаги энг муҳим масала чекка ҳудудлардаги кадрлар танқислигининг олдини олиш билан боғлиқ, деб ўйлайман. Чекка ҳудудларнинг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, ўша ҳудуд аҳолиси фарзандлари беш йил ишлаб бериш шарти билан квоталар асосида ўқитилиши муаммони самарали ҳал этишда катта аҳамиятга эга бўлади. Бу дунёда ўзини оқлаган тажриба. Ушбу масала Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам ўрин олган. Биз бу ғоя амалга ошаётганидан хурсандмиз, бундан халқимиз манфаат кўради.

Тиббиёт соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимояси, уларнинг иш ҳақлари оширилиши, илмий даражалар олиши билан боғлиқ ўзгариш ва янгиликлар ҳаммамизни мамнун этиши керак. Эндиги асосий масала Қарорда белгиланган вазифалар қай даражада сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишига боғлиқ. Партиямиз, барча даражадаги депутатларимиз назорат-таҳлил ишларида шунга алоҳида эътибор бериши керак бўлади. Ҳудудларда тиббий хизмат сифати яхшиланишидан биринчи навбатда партиямиз электорати вакиллари манфаатдор эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш