Шифокор аввало тиббий маданият ўсишига хизмат қилади

 

Коронавирус пандемияси бутун дунёни хавотирга солган бир пайтда тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш зарурати ортиб бормоқда. Аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишида жамиятда тиббий маданиятнинг қай даражада ривожлангани жуда муҳим ўрин тутади.

Тиббий маданиятни ким ривожлантиради? Албатта, биринчи навбатда шу соҳа ходими. Агар бир қишлоқда бирор бир малакали, ўз касбини яхши кўрадиган шифокор ишламаса, у ерда тиббий маданият ҳам ўзига яраша бўлади. Афсуски, мамлакатимизда шифокорлар етишмайдиган ҳудудлар оз эмас.

Шу жиҳатдан қаралганда, Президентимизнинг тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлоқ янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ўз вақтида кўрилган чора, деб ҳисоблайман.

Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистонимизда тиббиёт, тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш йўналишларида мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.

Тиббиёт коллежлари негизида 47 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу техникумларнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этиш, ўқув режа ва фан дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, масофавий таълим дарс машғулотлари ўтказиш вазифа қилиб қўйилди. Буларнинг барчаси малакали кадрлар тайёрлашга замин бўлади.

Бундан ташқари, мазкур техникумларни муваффақиятли битирган талабалар суҳбат орқали тиббиёт олий таълим муассасаларида имтиҳонсиз, бакалавриятнинг 2 курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади дейилган. Бу эса узоқ-чекка қишлоқлардаги иқтидорли битирувчиларнинг етук мутахассис бўлиб етишиш имкониятини оширади.

Бу ислоҳотлар тез орада ижобий самаралар бериб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб умид қиламиз.


Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш