Тиббий хизматни яхши кадрлар ривожлантиради

 

Саломатлик мамлакат соғлом меҳнат салоҳиятининг шарти, давлат бошқаруви самарадорлигининг муҳим мезонидир. Давлатнинг тиббиёт соҳаси унинг қай даражада ривожланганини кўрсатувчи асосий омиллардан биридир.

Давлатимиз бошлиғи аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни энг муҳим вазифалардан ҳисоблаб келмоқда. Ҳар қандай ислоҳот реал ҳолатни тўлиқ ўрганиш ва таҳлил қилиш хулосаларига асослансагина кутилган натижани беради. Ўтган уч йил давомида давлат тиббиёт соҳаси, хусусий тиббий муассассалар фаолияти, жамият соғлиғини сақлаш тизимидаги барча бўғимлар илмий асосда тадқиқ қилинди. Жорий йилнинг 7 апрел куни Президентимиз “Тиббий санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга масъул бўлган тизимдаги муаммолар соҳа мутасаддилари ва халқимиз томонидан ҳам таъкидланаётган эди. Турли томонлардан таклиф ва мулоҳазалар олиндики, улар ҳолатни тубдан ўзгартиришга асос бўлиши керак. Президент фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.

Соҳани ривожлантириш, албатта, шу йўналишда фаолият юритаётган мутахассисларнинг замон талабларига қай даражада жавоб беришига боғлиқ. Президентимиз томонидан тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъулияти масаласи бир неча марта жиддий танқид қилинди. Шунинг учун ҳам қабул қилинган қарорда айнан кадрлар тайёрлаш, уларга замонавий жаҳон талабларида билим беришни таъминлаш, билим олишга интилган талабалар учун рағбатлар бериш муҳум ўрин тутади.

Тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассаса клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланади. Бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади. Клиник ординатурага мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади.

Ҳаммамизга яхши маълумки, инсон саломатлиги омилларининг асосий қисми унинг ҳаёт тарзига боғлиқ. Ана шу ҳаёт тарзини соғломлаштиришга кўмаклашиш учун алоҳида мутахассислар тайёрланиши йўлга қўйилади. Бунинг учун собиқ тиббиёт коллежлари негизида 47 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилади. Ушбу техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича  кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Бугунги кунда олис ҳудудларда врачларга эҳтиёж катталигини инобатга олиб, тиббиёт олий таълим муассасалари “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим” йўналишлари битирувчилари яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъий назар, давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган ҳудудларда камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти жорий қилинмоқда.

Тиббиёт тинимсиз ривожланаётган соҳа, ривожланишдан ортда қолмаслик учун дунё илм-фанида бўлаётган ўзгаришлар, кашфиётлардан мунтазам бохабар бўлиб туриш зарур. Бунинг учун эса албатта хорижий тилларни билиш талаб қилинади. Талабаларни хорижий тилларни ўрганишга рағбатлантириш мақсадида чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Касбий малакасини мунтазам ошириб аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатаётган, илмий изланишлар олиб бораётган мутахасиссларни ҳам сезиларли моддий рағбатлантириш режалаштирилган. Бундан ташқари, врачлар учун узлуксиз таълимни ташкил этиш, ўқув базаларининг моддий -техника базасини шакллантириш юзасидан фундаментал ўзгаришлар назарда тутилган.

Бу ўзгариш ва янгиликлар аҳоли саломатлигини асрашда, тиббий хизмат сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.


Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раис ўринбосари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш