Оилангиз учун уйда қолинг!

 

Бугунги кунда ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, коронавирусга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан коронавирус инфекциясини бартараф этишга қаратилган эпидемияга қарши барча зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 3 апрель куни имзоланган коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт соҳалари ва тадбиркорларни ҳимоялаш чоралари кўриляпти.

Қийин кунларда тиббиёт ходимлари коронавирусга чалинган одамларни ҳаётга қайтариш мақсадида эртаю кеч тиним билмай хизмат қилмоқда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз кучларини аямай осойишталик учун хизмат қилаяпти.

Азиз юртдошлар!

Ушбу кундан-кунга мураккаблашиб бораётган вазиятда ҳаммамиз бирлашиб, сабрли бўлишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун ҳаммамиз масъул эканимизни яна бир бор эслатмоқчиман.

Буни қалбдан ҳис қилиб, улкан масъулият, тартиб-интизом билан амалга оширишимиз бугунги кундаги энг катта бурчимиздир. Агар биз карантин қоидаларига қаътий риоя қилмасак, давлатимиз бунга қанчадан-қанча маблағ ажратмасин, тиббиёт ходимларимиз қанчалик харакат қилмасин, барча кўрилаётган чоралар беҳуда кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳаммамиз тартибли ва масъулиятли бўлиб, имкон қадар карантин даврида оиламиз, фарзандларимиз учун уйда қолайлик, бу билан бутун халқимизга ёрдам берган, яхшилик қилган бўламиз.


Зуҳра ШОДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш