Барчанинг фуқаролик бурчи!

 

Жаҳондаги 190 дан зиёд мамлакатлар иқтисоди кўзга кўринмас вируснинг тарқалишидан зиён кўрмоқда. Ушбу мусибат бошқа давлатлар орқали бизнинг Ватанга ҳам етиб келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемиядан ҳимояланиш, аввало инсонларни ва улар ҳаёт даражаларини сақлаб қолиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш мақсадида эълон қилинган фармонлари ватанимизда бу вирусни кенг тарқалишини ва унинг иқтисодиётимизга салбий асоратини олдини олишга қаратилган ечим бўлди.

Республикамизда вирусдан касалланиш даражасининг нисбатан озлиги, тузалиш жараёнининг бошланиши, мактаб ва олийгоҳларнинг ҳар бир талаба ва ўқувчиси учун телевизор тармоқлари орқали масофавий онлайн дарслар ташкил этилганлиги, карантин чоралари кўрилган ҳолда далаларда ишнинг қизғинлигини таъкидлаб, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар келгуси даврда бўлиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилганлиги чора татбирлар, математика тили билайн айтганда оптимал бошқариш назариясининг ўзгинаси бўлди.

Ҳақиқатда математика фани шунчалик чексизки, унинг асл моҳияти кишилик жамиятига хизмат қилганигача мавҳум бўлиб туради. Оптимал бошқариш назарияси салбий ҳолатдан чиқиш билан келгуси ривожланиш истиқболини белгилашга қаратилган. Айнан 2020 йил 19 мартидаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги ва 2020 йил 3 апрелдагиЎзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мазкур илмий назариянинг амалдаги иникоси,- деб қараш мумкин...

Амалий натижа мусбат чиқиши учун ундаги талаблар тўлиқ бажарилиши зарур. Баъзи ҳолларда бир кўрсатгичнинг бажарилмаганлиги занжирсимон боғлиқликда бошқа бандларнинг самарадорлигини пасайтириб юборади.

Масаланинг иккинчи томони мавжуд. Карантинлар тўхтатилиб, коронавирусдан тўлиқ халос бўлгандан кейинги ҳолатда тижорат банкларининг кредит сиёсати дастлабки натижанинг самарадорлигини таъминлаши керак. Бунинг учун бугун берилган имтиёзлар эртага аҳоли ва тадбиркорлар елкасига иккиланма юк бўлмаслиги зарур. Истиқболда инфляция ва миллий валюта девальвацияси ҳисобида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли қарздорликларининг маълум қисми тижорат банклари бухгалтерия балансларидан ташқарига ҳисоблашга ўтказмоқ мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўпчилик олимлар Фармонга “Кутилажак жаҳон инқирози олдидан кўрилган чора тадбир”, – деб таъриф берган бўлсалар, уларнинг фикрларини тўлдириб таъкидлардимки, молиявий масалаларда, жумладан пул – кредит соҳасидаги янгиликлар иқтисодиётимиз ривожланиши учун зарур тадбир бўлиб ҳисобланади. Кўрилажак тадбирларнинг бажарилиши ҳужжатларда келтирилган талаблар даражасида амалга оширилса, республикамиз иқтисодий ривожланиши ва аҳолининг яшаш даражаси 2019 йилга нисбатдан кам бўлмаслиги керак. Чунки 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон Фармони билан Молия вазирлиги қошида юридик мақомга эга бўлмаган 10 трлн. сўмлик “Инқирозга қарши жамғарма”нинг ташкил этилиши ва ундан қилинадиган харажатлар таркибида келтирилган тўртта банддан иккитаси ҳамда 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978 сонли Фармоннинг 21 та бандидан 19 таси тўғридан тўғри иқтисодиётни, жумладан тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини, ҳамда иқтисодий тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашни таъминлашга қаратилган.

Эълон қилинган иккала Фармон асосида берилган солиқ тўловларидан имтиёзлар асосида юзлаб миллиард маблағлар корхона, ташкилотларда айланма маблағ сифатида қолдирилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган имтиёзларнинг ўзи яратиладиган ялпи ички маҳсулотга нисбатан салмоқли ўрин тутади. Аслини олганда охирги уч йилда ҳукумат томонидан ажратиладиган маблағлар мақсадли фойдаланса ва коррупция бўлмаганда эди иқтисодиётимиз бугунгиданда ривожланарди. Афсус жамиятимизда бундай иллатлар мавжуд экан маблағ самарадорлиги тўғрисидаги савол доимо бўлади.

Жаҳонга тарқалган инфекциянинг умри қисқа бўлсада унинг асоратлари халқаро ҳисоб – китобларда узоқ сақланиши мумкин. Масалан, 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сонли Фармоннинг 11 бандида олдин экспорт билан шуғулланиб 10% дан кўп муддати ўтган дебиторлик қарздорлиги бўлмаган тадбиркорлик субъектларига қатъий тўловни талаб қилмаган ҳолда товарларини экспорт қилишларига рухсат берилмоқда. Шу ҳолда таклиф қилардикки “Ҳудуд ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий ишловчи республика комиссияси” мутассадди вазирликлар ва қўмиталар билан ҳамкорликда экспорт шартнома шартларини қайта кўриб чиқишлари шарт. Унда “Форс мажор” бандида “Коронавирус инфекцияси” масаласи учун маълум чегара ёки талаб қўйилмаса келажакда ўзаро молиявий келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёни қонунчилигимиздаги камчиликларимизни кўрсатиб берди. Ягона қонун йўқлиги ва фуқароларнинг унга риоя этмаслиги сабаб касалликнинг олдини олиш жараёни чўзилмоқда. Мутассадди вазирликлар Олий мажлиснинг тегишли қўмиталар билан ҳамкорликда мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқаришлари бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб ҳисобланади.

Жаҳон ҳамжамиятига актив қўшилган республикамиз иқтисодиёти глобал инқироз натижасидан талофот кўриши аниқ бўлган бир пайтда ички манба ва захираларимиздан унумли фойдаланишни ўрганмоғимиз керак.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги жаҳон иқтисодий инқирозининг талофотлари макроиқтисодиётимизга таъсирини камайтириш ва бу ҳолатдан тезроқ чиқиб кетишни ташкил этишга барчамиз маъсулмиз. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан топширилган вазифаларни сўзсиз бажаришимиз ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмайлик!

 

Ш. АЮПОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси В. И. Романовский номидаги Математика институти директори, АКАДЕМИК.

← Рўйхатга қайтиш