Вирус занжирини узиш сизу-бизнинг қўлимизда

 

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакат чегаралари ёпилган ва касалликнинг ташқаридан кириб келиш хавфи мавжуд эмас.

Коронавирус тарқалиши ва бу инфекцияга қарши кўрилаётган чоралар баробарида озиқ-овқат нархларининг кўтарилишининг олдини олиш ва сохта ахборотларга қарши кураш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиийдир. Коронавируснинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларига қарши кураш чораларини кўриш мақсадида, бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси аниқланганда бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби белгиланди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Президент иқтисодиёт тармоқларига коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича чоралар тўплами тасдиқланди. Бош вазир А.Арипов бошчилигида Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ташкил этилди. У юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқишни мақсад қилган.

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишдек қалтис вазиятда бутун саъй-ҳаракатларни тўғри йўлга қўйиш, оғир пайтларда муҳим қарорлар қабул қилиш, муаммоларни бартараф этишда имконият ва ресурсларни тўғри, очиқ ва оқилона юритиш бўйича дунё хамжамиятида яхши ўрнак ва натижалар кўрсатяпмиз.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик бўйича доимий равишда тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Коронавирус инфекциясидан эхтиёт бўлинг. Сиз-у бизга боғлиқ бўлган, ушбу инфекциянинг занжирини узиш ўз қўлимизда турган бир пайтда, биргаликда курашишимиз, ўзимиз ва оиламиз учун берилаётган тавсиялар асосида, карантин қоида ва меъёрларига тўлиқ амал қилишимиз даркор. Уйда қолинг. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилинг. Зарурат бўлмаган тақдирда, жамоат жойлари ҳамда кўчага чиқманг. Бирмиз, биргаликда енгамиз!


Зокиржон ЗОХИДОВ,

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш