Видеомулоқотдан репортаж: Тарғибот орқали сиёсий куч тўғрисида одамлар фикри шаклланади

Сиёсий партия фаолиятини тарғиботсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Партия ғояси, дастурий вазифалари, депутатлари фаолияти ҳақида жамоа­чиликка тезкор ва таҳлилий ахборот бериш долзарб аҳамиятга эга. Соддароқ қилиб айтганда, тарғибот орқали сиёсий куч тўғрисида одамлар фикри шаклланади. Бу борада сиёсий партиянинг тарғибот воситалари энг муҳим таянч ҳисобланади.

Видеомулоқот қизғин баҳс-мунозаралар, фикрлар тўқнашуви, мулоҳаза ва тортишувлар билан давом этмоқда. ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Равшан Ҳомитов Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг тарғибот воситаларини жойлардаги ҳолати тўғрисида маъруза қилмоқда:

– Аҳолининг сиёсий партия ва депутатлар ҳақидаги тасаввури шаклланиши кўп жиҳатдан тарғиботга боғлиқ. Сиёсий партия илгари сураётган ғоялар халқ ўртасида тарғиб қилиниши, одамларга етказилиши, тушунтирилиши лозим. Шунда сиёсий кучнинг тарафдорлари ортади. Партия ғоялари учун курашадиганлар сафи кенгаяди. Бу жараёнда албатта, тарғибот воситалари муҳим ўрин тутади.

Хусусан, тарғибот воситаларига тарқатма воситалар, баннерлар, партия рамзи туширилган буюмлар ва электрон реклама воситаларидаги роликлар киради. Лекин, биз минтақавий партия кенгашлари ўз фаолиятида фойдаланаётган тарғибот воситаларини ўрганганимизда улар талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Тарқатнма материллар, осма баннерларнинг кўриниши ва уларда фойдаланилган сўзлар ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас. Уларнинг айримларида партиямиз дастурий мақсадлари тўғри талқин қилинмаган. Ваҳоланки, тарғибот воситалари партия ғоя ва мақсадлари ҳақида кенг тушунча беришга қаратилган бўлиши керак. Яна бир масала. Тарғибот воситалари таъсирчан усулда тайёрланиши керак. У эътиборни жалб этиши, одамлар онгига партия ҳақида тасаввур уйғотиши ҳамда эсда қоладиган бўлиши лозим. Демак, бу масалага юзаки ёндашиб бўлмайди. Шу боисдан тарғибот жараёнида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, хусусан, реклама воситалари, тарқатма материаллар, ролик ҳамда буклетлар сифатини ошириш талаб этилади.

Видеомулоқот давомида тарғибот ишларини янада жонлантириш, мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг ҳудудий студиялар улаб берилди. Маҳаллий партия кенгашлари раислари, депутатлар муҳокама марказига қўйилган мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

Бизни кузатиб боринг, партия фаоллари ва депутатларнинг мулоҳазаларини сизга тақдим этиб борамиз...

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш