ХАЗИНА ТОМОРҚАНГИЗДА

 

Томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнининг эса қиёси йўқ. Бугун одамларда ерга бўлган муносабат тубдан ўзгариш керак. Чўп суқилса, кўкарадиган еримизнинг бир сотих майдонидан ҳам унумли фойдаланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Баҳор ойи ер билан тиллашиб, ундан даромад оладиган пайт. Табиатнинг инжиқлиги сабаб деҳқону, миршкорларимиз учун яна бир синов қаршидан чиқди. Кеча бутун юртимиз ҳудудида ёққон қор, дала юмушлари, томорқа экинларини бироз кечиктиради. Аммо, ниҳол қадаш, уруғ сепишнинг эрта кечи бўлмайди. Буни деҳқончиликнинг хадисини олганлар жуда яхши билади.

Тўғри, ҳамалнинг дастлабки ўн кунлиги томорқасига экилган полиз маҳсулотлари кеча ёққан қор совуғи таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Юртимиз тупроғи олтинга тенг. Табиати, иқлими ўзгача. Нима эксанг, ўн-ўн беш кунда бўй кўрсатиб, ҳосили учини жило қилиб мақтанади.

Хўш, серҳосил ерлардан фойдаланиш қанча даромад келтириши мумкин? Томорқангизга помидор эксангиз оилавий даромадингиз қанча бўлишини биласизми? Мутахассисларнинг айтишича, 1 сотих ер майдонига помидор экиш учун ўртача 500 дона кўчат сарфланиб, ушбу майдондан 350-400 кг гача маҳсулот олиш мумкин экан.

Ҳисоб-китобларга кўра 1 туп кўчатни экиш даврида ўртача 80 сўмдан ҳисоблаб, 40 000 сўм маблағ сарфлаган ҳолда 60 кундан сўнг мевага киргач кг памидор бозорда 1500-2000 сўмлигини ҳисобга олсак сал кам 700 000 сўм даромад кўриш мумкин. Агар ушбу помидор кўчатини 4 сотих майдонга эксак 2 800 000 сўм даромад топиш мумкин. Ушбу суммадан 4 сотих экилган помидор кўчатлари нархини яъни 320 000 сўм сарфланган маблағни олиб ташланганда 4 сотих томорқадан 2 480 000 сўм соф фойда олинади.

Инсон оиласининг фаровонлигини таъминлаш учун меҳнат қилиш керак. Камбағал инсон ҳам дилига меҳнат қуролини тугуб ҳаракат қилса, кимлардандир нажот кутиб яшаш фикридан йироқлашади. Тилимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам деган атама бор. Партиямиз айнан мана шу қатлам манфаатларини ҳамоя қилиб, курашиб келмоқда. Мақсадимиз, уларни боқимандаликка тушиши учун эмас, бу қатламнинг иқтисодий фаоллигини ошириш аслиди. Яна бир мақсадимиз шуки, аҳоли қўл билан берилган ошдан эмас, ўз меҳнатлари билан луқмадан роҳатлансин.

Куни кеча Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектр йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши ҳаммага аён.

Шу ўринда бир бир мулоҳаза қилиб кўрайлик-чи, нега Президентимиз куни кеча видеоселектрида ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш топшириғини бердилар. Нега, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди?. Аввало, сизу бизни карантин даври ўтиб кетгандан сўнг ҳам фаровон ҳаётимизни таъминлаш, бугунгидан-да тўқ ҳамда дастурхонларимизни тўкинлигини истаяпти. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни оширишни, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти. Ҳаёт бизни хулоса чиқаришга мажбур қилади. Коронавирус пандемияси дунё мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатди-ку.

Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Ахир миллионлаб хазина томорқамиздаку.

Президентимиз томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманларни намуна қилиб кўрсатдилар. Ушбу туман аҳолисининг аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад олаяпти. Демак, минглаб оилалар фарвонлигини ўз меҳнати орқали таъминлаяпти. Улар ижтимоий тармоқларга чиқиб, ҳайрия қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини камлигидан шикоят қилгани йўқ. Ижтимоий тармоқда бир ачинарли воқеага кўзим тушди. Маҳалла фаоллари бир хонадонга озиқ-овқат маҳсулотини улашган экан. Берган ноз-неъматларга шукур қилмай, фесбукда видео тасвир орқали эҳсон қилган маҳсулотларининг юз, икки юз грам кам чиққанлигидан шикоят қилиб, Президентимизга мурожаат қилди. Ажабоо, эҳсон қилган одам, ўз эҳсонидан уриб қолиши қайси ақилга сиғади.

Шундай кимсаларга бундай ривоят ибрат бўлади деган умиддаман: Балиқчи тутган балиқларини уйига олиб келаётган пайт, бир золим йўлтўсар зўрлик билан овини олиб қўяди. Балқчи худога золанади: “Э раббим! Мени заиф, у ноинсофни эса кучли қилиб яратибсан. Унга жазо борми” деб нола қилибди. Текинтамоқ йўлтўсар балиқни уйига олиб келиб оиласи даврасида таомни еяётган экан, тиқилиб нафас олиши қийинлашибди. Кечаси тушига Балиқчининг ҳаққини бермасанг эрталаб ўласа деган нидо эшитилибди. Уйғонди-ю балиқчини топиб, ҳаққини бериб узр сўради. Ана шундан сўнг шифо топди.

Ижтимоий тармоқдаги ўша меҳнатсиз нон тишлайдиган одамлар бу ривоятни унутмаса яхши бўларди. Бугун синовли даврда “Берсанг ейман, бермасанг ўламан” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу борада деҳқонларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчаси муҳайё этилаяпти. Ҳар дақиқаси ғанимат саналган экин-тикин мавсумида, томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимиз йиғилишда ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоладилар. Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши юзасида мутасаддиларга вазифалар берилди.

Бугун меҳнатсиз нон тишлайдиган замон эмас. Айниқса ҳозирги карантин шароитида. Қолаверса, ерга ишлов бериб, экинга тайёрлайдиган каттагина куч, яъни талаба ёшлар ота-оналари бағрида. Уларни меҳнатга ўргатиш, оиласининг фаровонлигини таъминлашга сафарбар этиш мавриди. Кўп гувоҳи бўлганман, шундай оилалар борки, билаги кучга тўлган, қизиқчиларимиз таъбири билан айтган, ернинг жигарини суғириб оладиган фарзандлари бўла туриб ҳовлисига кирсангиз, бўш ва қаровсиз ётган томорқани кўриб, таъбингиз хира тортади.

Айримларнинг қишлоқда яшаб, сабзи, пиёз учун бозорга чопганини кўриб ҳайрон қоламан. Бизнинг қишлоқдаги хавлимиз 4 сотидан уч маротаба ҳосил оламиз. Биринчи бўлиб, полиз маҳсулотлари ҳосилга киради. Рўзғоримизни таъминлаш билан бирга, дангаса қўшниларга ҳам илинамиз. Ёнимизда қўшнимиз фақат ишсизман деб нолигани –нолиган. Томорқасида 5-6 сотих ери бор. Меҳнат қилиш ёқмайди. Айтингчи, томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Кишида иштиёқ, меҳнатга ҳавас бўлса, бас — ўз ҳаётини ўзи фаровон қила олади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда дунёнинг жуда кўп давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги сезилмоқда. Коронавирус пандамияси дунё иқтисодини издан чиқариб, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин ортишига олиб келмоқда. Ана шундай шароитда бозорларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ.

 

 

 

Меҳрожиддин ДАРХАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

← Рўйхатга қайтиш