Томорқадан самарали фойдаланиш масаласини тизимли ўрганиш зарур

 

Коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган республика видеоселектор йиғилишида муҳим фикр илгари сурилди.

Йиғилишда Президентимиз ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши, томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилишини маълум қилди.

Шунингдек, йиғилишда томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотини инобатга олган ҳолда, "бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида маҳсулот етиштириш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, барча шарт-шароитлар яратиб берилишига қарамасдан, айрим деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда томорқа хўжаликларида қишлоқ ҳўжалик, боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш ишлари умуман қониқарсиз аҳволга келиб қолган. Натижада қишлоқларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўзини ўзи банд қилишдек муҳим вазифа ижроси натижалари қониқарли эмас.

Мамлакатимиз бўйича минглаб гектарларда томорқа ер эгалари томонидан ер участкаларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмасдан қолмоқда. Бунинг сабабларини тизимли ва чуқур таҳил қилиш керак. Асосий муаммолардан бири сув таъминотининг барқарор эмаслигидир. Бизнингча, минтақаларда аҳолини ўзини-ўзи бандлигини таъминлашни рағбатлантириш мақсадида шахсий томорқа эгаларига суғориш мосламалари (насослар, суғориш қудуқлари) нормал ишлашини таъминлашимиз зарур бўлади. Бу эса бозорларимизда қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик, полиз маҳсулотлари экспорти кенгайишига замин яратар эди.


Боймурод ЮСУПОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш