Инновацион фаолият: энди қонун бор

 

Ривожланган давлатлар стратегик йўлини белгилашда инновациялар хаётга тадбиқ этилишига жуда катта сармоя ажратган, инновация давлатнинг тараққиёт омили экани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда бу борадаги ишларни тартибга солишнинг хуқуқий асослари яратилди, инновацион фаолият тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилди.

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот масалалари қўмитасига тақдим этилганда 6 боб 41 моддадан иборат бўлган. Мазкур қўмита ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг юридик бўлими ва қонун ижодкорлари билан биргаликда ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар томонлама ҳаётга тадбиқ этиладиган қонун яратиш устида иш олиб борилди. Якунда қонун лойиҳаси 5 боб, 39 моддадан иборат бўлди. Қонун лойиҳаси 2020 йил 7 апрел кунида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилиши кун тартибига киритилди ва қабул қилинди.

Айни пайтгача республика қонунчилигида инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди.

Қонуннинг кучга кириши инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тартибга солади, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш, ўзлаштириш ва тижоратлаштиришни фаоллаштиради.

Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг молиялаштириш асослари ушбу қонунда ўз аксини топди. Жумладан, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, корхона ва ташкилотлар йиллик ялпи фойдаларининг 1 (бир) фоизи миқдоридаги ажратмалари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига патент божларидан, йиғимлардан ва солиқ тоифасига кирмайдиган бошқа тўловлардан келиб тушадиган валюта маблағларининг бир қисми, Давлат бюджети маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ҳамда кредитлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари орқали молиялаштирилиши белгиланди. Ушбу жамғармага ажратиладиган маблағлар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солиш объекти бўлмайди.

Мазкур қонуннинг лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, ташкил этилган давра суҳбатларида Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон фанлар академияси изланувчи олимларининг таклифлари ҳам ўз ифодасини топди.


Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш