Олам бир янгиликни интизорлик билан кутмоқда...

 

Ёши улуғ, кўпни кўрган донишманд инсонлардан тарих такрорланиши ҳақида эшитамиз. Бир ортга назар ташлайлик, V асрда, яъни бундан қарийб бир минг беш юз йил илгари Турон ўлкасида жуда юқумли, оғир оқибат билан якунланадиган ўлат касаллиги тезда тарқалиб кетади. Аввалига одамлар тушинмай қолади, сўнгра қисқа вақт ичида минглаб одамларнинг фожиавий тақдирини кўрган халқ талвасага тушиб қолади. Ўша пайтдаги давлат бошқарувчилари тезкорлик билан кенгаш чақириб, қарор қилади. Ҳар бир оила вакили уйдан чиқмаслиги, мамлакатда қатъий тартиб ўрнатилиб, уйларнинг дарвозалари миршаблар томонидан маҳкам кулфлаб қўйилади. Чунки, ўлка савдо маркази бўлиб, агар лоқайдлик билан қаралса, ушбу касаллик қисқа вақт ичида бошқа ўлкаларга ҳам тарқалиб кетиши ва кўплаб халқларнинг бошига оғир кулфатларни келтириш хавфи пайдо бўлган эди. Ўшанда қатъий чоралар орқали халқлар қутқарилиб, улар яна доимий ҳаёт тарзига қайтарилганига тарих гувоҳ.

Ундан кейин ҳам ўтмишнинг ҳар даври ва маконида яшовчи одамлар “ҳар нарсага қодирмиз” деган ўй билан ўзларига жуда катта баҳо берган пайтларда ҳам табиат ўзининг инжиқликларини, маълум ёки номаълум бўлган турфа касалликлар инсонлар ҳаёти учун хавф туғдиришини давом эттирди. Айниқса, бундан юз йил олдин, яъни 1918-1919 йилларда “испанка” деб ном олган касаллик эндигина биринчи жаҳон урушидан чиққан давлатларни ва бутун инсониятни гуёки боши берк кўчага киргандек қилиб қўйди.

Қисқа пайт ичида беэътиборлик натижасида миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган бу касалликнинг олдини олиш учун барча давлатлар карантин ҳолатини эълон қилди. Кескин чоралар кўрилди, унинг оғир оқибатларини юмшатиш ва моддий ночорликни келтириб чиқарадиган иқтисодий инқирознинг олдини олишга оид дастурларни амалга оширишга киришилди. Натижада катта йўқотишлар билан бўлса-да, касалликнинг олди олинди. Яна дунё доимий ҳаёт тарзига қайтди.

Бугун-чи?.. Дунёнинг икки юздан ортиқ давлати коронавирус инфекцияси тарқалиши натижасида юзага келган пандемияга қарши кураш олиб бормоқда. Тўғри, ҳозирги кунда тиббиёт анча ривожланган, янги техника ва ускуналар ихтиро қилинган ва бошқа бир қатор ютуқлар бор. Айнан шу омиллар ҳам инсонга келажакка умид ва ишонч бағишламоқда. Шу кунларга келиб, баъзи давлатлар ва уларда яшовчи тартибли халқлар унинг оғир ҳолатларини юмшатишга ҳам қисман эришиб бўлди. Бу каби ҳаракатлар қолган давлатларда давом эттирилмоқда.

Ҳамжиҳат, тартибларга риоя қилувчи халқимиз бу синовли кунларни ҳам биргаликда бошидан кечириб, уни мардоновар енгиб ўтишига тўғри келмоқда.

Бунда давлат идоралари ва масъуллар ўзининг ваколати доирасида тегишли чораларни амалга оширмоқда. Ушбу тадбирларда биринчи навбатда одамларни асраш керакми ёки иқтисодни деган танловда ҳеч иккиланмасдан аввал одамларнинг соғлигини сақлаб қолиш вазифаси қўйилди. Кейин иқтисодий инқироз оқибатларининг олдини олиш бўйича дастурларни амалга оширишга киришилди.

Бундай ҳолатда жамият ўзини қандай тутаяпти? Карантин қоидаларига риоя қилаётган халқимиз, бу офатнинг тез ва кенг тарқалмаслигини таъминлаётгани қувонарли ҳол. Бироқ баъзи бир ватандошларимизнинг ўзбилармончилиги, беписандлиги, мақтончоқлиги ва энг ёмони қонунларга риоя қилмасдан, яқинлари, фарзандларининг ҳаётини хавф остига қўяётгани кишининг дилини хира қилмоқда. Кимдир уларнинг сони камчилик дейиши ҳам мумкин, бироқ бундай шароитда бир нафари ҳам кўп.


Шундай кишилар борки...

Ўзбекистонда карантин ҳолати жорий қилинар экан, одамларнинг соғлигини асраш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга оид тизимли ишлар амалга оширилиб, янада тезкор чоралар кўрилмоқда.

Ҳудди шундай пайтда аҳолининг эҳтиёжмад қатлами, боқувчисини йўқотган, кекса ёшдаги кишилар, ёлғиз яшовчилар, ногиронлиги бор шахслар ва “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, борингки, барча ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига амалий ёрдам бериш энг усутувор вазифалардан бир бўлиб, бу чин инсонийлик ишига айланиб бормоқда.

Бу борада давлат идоралари ўзининг ваколатлари доирасида тегишли чораларни амалга ошириб келмоқда. Энг кувонарлиси, бағрикенг, сахий халқимиз ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларга қўлидан келганча амалий ёрдам беришга киришиб кетган.

Бундай вақтда ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаган ҳолда унинг узвийлигига эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эгадир.


Энг қийин савол...

Ҳар бир киши борки, ҳаёти давомида турли хил тўсиқларга дуч келади. Уларни енгиб ўтиш йўлларини қидиради. Изланади, яқинларидан, таниган билган одамларидан маслаҳат ва ёрдам сўрайди. Бу ҳам бир ҳаёт қоидаси.

Бироқ, энг қийин ҳолат ана шу тўсиқни енгиб ўтишдаги саволларга жавоб топа олмаётган даври бўлиши ҳам аниқ.

Бугун дунё олимлари, тиббиёт ходимлари, давлатлар коронавирус инфекциясидан халқини ҳимоя қилиш чораларини кўраяпти, ўрганаяпти. Шу билан бир қаторда, ушбу ҳолат яна қанча давом этиши, унинг салбий оқибатлари яна нималарга олиб келиши, карантин ҳолатидан кейин иқтисодий қийинчиликлар қандай юз бериши ва ундан ким қанча зарур кўриши муҳим саволларга ҳали жавоб топилгани йўқ...


Олам бир янгиликни интизорлик билан кутмоқда...

Юнон олими Архимеднинг “эврика, эврика, эврика!”, яъни “топдим, топдим, топдим!” деб бақирган сўзи асрлар давомида кишиларнинг энг бахтли онларида ишлатадиган жумласига айланиб қолган эди. Бугун ҳам бутун дунё халқлари бир хабарни, яъни “коронавирус инфекциясининг давоси топилди”, деган сўзни эшитишни хоҳлаяпти. Чунки одамлар доимий ҳаёт тарзини соғинди. Кўпчилик балки, унинг қадрига ҳам етгандек.


Руҳ тетиклиги орқали кўнгил хотиржамлигига эришилади

Ердаги жонзотларнинг ичида энг мослашувчани, иродаси мустаҳками инсон ҳисобланар экан. Тўғри, биз учун номаълум бўлган жараёнлар жуда кўп. Саноқли ойлар олдин ким ўйлабдики, коронавирус инфекцияси шу даражада инсон ҳаёти ва келажагига хавф туғдиради деб. Бироқ биз шу муаммога дуч келдик. Энди эса ҳар биримиздан руҳий тетиклик керак. Бунга эришиш учун уйда қолиб, ўзимиз соғлигимиз ҳақида қайғу қилиб, фойдали машғулотлар билан банд бўлган ҳолда, яқинларимизни, фарзандларимизни ҳам шунга даъват қилайлик. Барчамиз шу йўлдан борсак, саноқли кунлардан сўнг бу синовлар ҳам ортда қолади. Барчамиз бахтли кунларимизга яна қайтамиз. Шу билан кўнгилларимиз яна хотиржамликни ҳис қила бошлайди.

Ўша кунларнинг қанчалик яқинлашиши фақат ўзимизга ва барчамизга бирдек боғлиқ бўлиб қолмоқда.


Равшан ХОМИТОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири

← Рўйхатга қайтиш