“Ҳукумат соати”да ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи муҳокама этилди

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” видеомулоқот шаклида ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашуви: ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджет, банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланишига оид масалалар муҳокама этилди. Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари партия Марказий Кенгаши мажлислар залидан масофадан иштирок этди.

Депутатларнинг ушбу муҳим масалаларга оид саволларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.Ишметов жавоб берди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи жуда жиддий масала. Шунингдек, бу ҳамкорлик натижасини баҳолаш, прогноз қилиш ҳам ниҳоятда мураккаб ва қийин жараёндир. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу жиддий масалада ҳар бир сиёсий партия ўзининг тор маънодаги электорал манфаатларидан воз кечиб, биринчи навбатда давлатимиз, халқимиз ва миллатимизнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиш ҳамда барча фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозим, деб ҳисоблайди.

Шу нуқтаи назардан Халқ демократик партияси фракцияси ушбу долзарб масаланинг кенг муҳокамасини ташкил қилиб, ҳар бир депутат мавзунинг ичига чуқур кириши учун имконият яратишга ҳаракат қилди. Фракция томонидан жорий йилнинг 30 март куни ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини ўрганиш бўйича режа тасдиқланиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Режага асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Транспорт, Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Сантария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан масофавий видеоселектор мажлислари ўтказилиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишнинг ижобий ва салбий томонлари муҳокама қилинган.

Халқ демократик партияси фракциясининг ёзма мурожаатномасига биноан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Транспорт вазирликлари таҳлилий маълумотномалар тақдим этилган.

Шулар асосида депутатлар долзарб масалани атрофлича ўрганиб, таҳлил қилмоқда. Бугунги Ҳукумат соатида таҳлилий ўрганиш жараёнида юзага келган саволлар ўртага ташланди.

ХДП фракцияси Ҳукумат томонидан тақдим этилган материалларда ЕОИИга интеграциялашув жараёнида ягона молия бозорини шакллантиришнинг Ўзбекистон бюджет тизими, банк, суғурта ва қимматли қоғозлар бозорига қандай таъсир этиши бўйича етарли таҳлилий материаллар акс этмаганини маълум қилди. Масалан, биргина ягона қимматли қоғозлар бозорида Россиянинг улуши бугунги кунда 96 фоизни ташкил қилаяпти. Бизда эса ҳозирча бу бозор энди куртак ёйиш арафасида турибди. Худди шундай ҳолатни молия бозорининг бошқа йўналишларида ҳам кузатиш мумкин. Бунга ҳукумат ва Молия вазирлигининг муносабати ҳақида сўралди...

Қонунчилик палатаси мажлисида Ҳукумат соатидаги савол-жавоблар асосида тегишли қарор қабул қилинди. Ҳукумат аъзоларига Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликнинг банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини янада ривожланиши истиқболларини ҳар томонлама ўрганиш, иқтисодий интеграциянинг мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик тармоқларига таъсирини таҳлил қилиш, ўз соҳа йўналишлари бўйича ЕОИИ билан ҳамкорлик мамлакатимизнинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш, ушбу масала бўйича илғор хорижий эксперт ва мутахассисларнинг асослантирилган хулосаларини умумлаштириш масаласи қўйилди.

Халқ демократик партияси фракцияси ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи бўйича якуний хулосасини яқин кунларда эълон қилади.

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш