Пандемияга қарши кураш чоралари кучли инсонпарвар ғоялари асосида олиб борилмоқда

 

Президентимизнинг 3 апрель кунги Мурожаати халқимизга руҳий мадад бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, иймон ишончимизни яна бир бор мустаҳкамлади. Юртбошимиз тадбиркорларга, иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ёрдамга мухтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронларга моддий кўмак ва ёрдамларни оширамиз, халқимиз карантин қоидаларга амал қилиб уйида ўтиришларига яна бир бор даъват қилди.

Видеоселектрда Давлатимиз раҳбари, айни вақтда Covid-19 туфайли мамлакатимизда юзага келган вазиятни очиқ-ойдин тушунтирди, пандемияга қарши кураш бўйича тегишли идораларга топшириқлар бериб, ҳар биримизга тааллуқли вазифаларни ва ўз тавсияларини берди.

Дунё миқёсида юз бераётган коронавирус пандемияси манаман деган давлатларни ҳам довдиратиб қўймоқда. Ҳатто қудратли Европада айримлар вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмай эсанкираганларига гувоҳ бўлдик. Кузатиб турибмиз, солиштиряпмиз. Хулоса шуки, қайси давлатда раҳнамо кучли, иродали, фидокор, халқи ҳамжиҳат, аҳил, тартиб-интизомга риоя қилса эпидемия нисбатан тез чекинмоқда. Хитой ва Жанубий Корея бунга жонли мисол. Демак, бор ҳақиқатдан кўз юммаслигимиз керак.

Мамлакатимизда пандемияга қарши кураш чоралари кучли инсонпарвар ғоялари асосида олиб борилмоқда. Ҳозирда 100 минг киши карантинда. Чет элдан 13 мингга яқин фуқаро олиб келинган ва улар ҳам тиббий назоратда. Баъзи давлатлар ҳудудига нафақат турисларни балки, ўз фуқароларини киришини ҳам чеклаб қўйди. Навбатдаги инсонпарварлик аҳоли ижтимоий ҳимоя қилиш энг устувор вазифалар этиб белгиланди. Боиси, карантин пайти Ўзбекистон ХДП электорати бўлган пенсионерлар, кам таъминланган, кўп болали, ногиронлиги бўлган, ёлғиз қариялар кўпроқ азият чекади. Шу боисдан уларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронларга 18 турдаги озиқ-овқат ва гигиена воситалари бепул етказиб берилади.

Ҳар бир касалланган бемор, карантинга олинган оилалар қатъий назоратда. Уйда қолаётган аҳоли учун етарли шароитлар, янги имкониятлар муҳайё этилмоқда. Бунга барча бир ёқадан бош чиқармоқда. Ҳиммати,меҳр муруватли инсонлар озиқ-овқат маҳсулотлари,бошқалар эса тарғибот ишларида фаоллик кўрсатмоқда. Бу ҳам аслида инсонпарварликдир. Иқтисодиётимиз ҳам бир маромда ишлаши, ялпи ички маҳсулотимиз таъминлаш мақсадида йирик ишлаб чиқариш корхоналари бир зум тўхтамай ишламоқда. Муҳтарам юртбошимиз бир неча фармон ва қарорлари билан ўрта ва кичик бизнес субъектларига ишончли имтиёзлар тақдим этилмоқда. Бу эса мазкур синовдан талофатларсиз ўтишимизга асос бўлади.

Шунга қарамай, кейинги кунлардаги расмий баёнотлардан маълум бўлмоқдаки, ҳолат бирмунча жиддий. Аксарият аҳолимиз “Уйда қолинг” даъватига, вазият тақозо этган тартибларга қатъий риоя қилмоқда. Таассуфки, маърифатли халқимиз орасида пандемия туфайли ўрнатилган тартиб ва қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани жуда ташвишли.

Халқимизда бирники мингга, мингники туманга деган гап бор. Бу ҳикмат одамзот бошига тушадиган бугунгига ўхшаган ташвишли кунларга тааллуқли. Уйида гўё диққинафас бўлиб, арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай гурунг қилишгача бораётган, ясама важкарсонларни рўкач қилиб, транспорт воситаларини қочиб-бузиб бошқариб юрган кимсаларни тушуниб бўлмаяпти. Нодонлиги билан ўзини, оиласини, бола-чақаларини оғир дардга гирифтор қилиб қўйиши мумкинлигини, хатти-ҳаракати билан жиноят содир этаётганини ўйламаётгани оғир ботяпти. Муҳтарам Юртбошимиз йиғилишда мамлакат бўйлаб 22 мингдан ортиқ ҳолатларда карантин қоидалари бузилганини тилга олди. 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетгани қайд этилди. Ахир, ушбу касалликка чалинган беморларнинг биттаси ҳам жамият учун нақадар хавфли эканлигини мутахассислар бот-бот такрорлаб, ўз тавсияларини беришмоқда-ку. Аллоҳ бу каби ҳамюртларимизга инсоф берсин, тўғри хулоса қилиб олишсин.

Келинг, шу ўринда бошқа аҳамиятли жиҳат ҳақида гаплашайлик. Синовли кунлар бизларни бир-биримизга яқин қиляпти, ҳамжиҳатлигимиз янада мустаҳкам бўлиб бормоқда. “Уйда қолинг” даъвати оилаларимизга, хонадонларимизга гўё нур олиб кирди. Оталар фарзандлари билан уйда, тарбия, маърифат сабоқлари кучайди, китобхонлик, оилавий мутоалла таомилга айланди. Уй-рўзғорнинг ҳар қандай юмуши кўпчилик билан ҳамжиҳат бартараф этилмоқда. Биз биргамиз. Ҳар қандай муаммога ечим топамиз.

Дарвоқе, биз ёлғиз эмасмиз. Ибн Синога содиқ шифокорларимиз биз билан. Юзлаб вирус дардига мубтало бўлганларни соғ-омон сақлаб қолишга бел боғлаб, куну тун хизматда туришибди. Минглаб санитар ҳамюртларимиз юртни зарарсизлантиришда жонбозлик қиляптилар. Ички ишлар, мудофаа вазирлигининг минг-минглаб ходимлари биз билан бирга. Юртга оралаган офатдан сизу бизни муҳофаза қилмоқдалар. Оммавий ахборот воситаларининг кўп сонли заҳматкашлари – жамиятимизнинг фаол фидойилари ҳисобланган журналистлар, блогерлар ўз хизмат вазифаларини хавф демай, хатар демай бажармоқдалар.

Азиз юртдошлар! Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди! Сизлардан касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун карантин тартиб қоидаларига қаътий амал қилиб, мутахассисилар маслаҳатларига қулоқ тутинг. Касаллик аломатларини сезсангиз, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг. Барчамиз бир мушт бўлиб ҳаракат қилсак, албатта балони енгиб, осойишта ҳаётга албатта яқин кунларда қайтамиз.

Юртимизни Яратганнинг ўзи ярлақасин, паноҳида асрасин. Биз биргамиз, ҳамжиҳатмиз, демак ҳар қандай мушкулотни енгишга қодирмиз.

Ўз соғлигингизни ҳимоя қилиш , ўз қўлингизда эканлигини унутманг!

 

Маҳмуджон ПАРПИЕВ,

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва

соғлиқни сақлаш қўмитаси раисининг ўринбосари.

← Рўйхатга қайтиш