Қардош халқлар ўртасида ўзаро ғамхўрлик туйғуси жуда муҳим

 

10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус тарқалишига қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари саммитида долзарб масалалар муҳокама этилди.

Вирус тарқалишига қарши кураш самарадорлигини ошириш, карантин чекловлари оқибатида юзага келаётган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кучайиши муҳим аҳамият эга. Айниқса, маданияти, иқтисодиёти бир-бирига яқин ва боғлиқ қардош халқларнинг изчил ҳамкорлик қилиши, ўзаро ёрдам бериб, жипслашиши ҳаётий зарурат айланди.

Навбатдан ташқари саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар раҳбарлари билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори ҳам иштирок этгани мазкур анжуманнинг халқаро аҳамияти юқори бўлганини кўрсатди.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланганини таъкидлади.

Бундай вазиятда вирус кенг тарқалишининг олдини олиш, одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан ҳамда кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ушбу хавф-хатарнинг давлатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш учун тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари экани қайд этилди.

Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни назоратга олиш бўйича халқаро тажрибага мувофиқ барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, вирус билан зарарланганларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимларини ҳар томонлама рағбатлантириш, таълим тизими узлуксизлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббиёт воситалари, бошқа ҳаётий муҳим ашёлар билан мунтазам таъминлаш ишлари катта уюшқоқлик асосида йўлга қўйилди. Имконияти чекланган, кам даромадли ва кўмакка муҳтож фуқароларга беғараз ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилди.

Президентимиз юзага келган қалтис вазият нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда зудлик билан таъсирчан чора-тадбирлар кўришни талаб этаётганини алоҳида таъкидлаб, муҳим таклифларни илгари сурдилар.

Жумладан, Туркий Кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш, давлатларимизнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, диагностика, даволаш, эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва илмий изланишлар бўйича маълумот ҳамда тажриба алмашувни кенг йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари таклиф этганидек, мураккаб кунларда қардош халқларимизни зарур озиқ-овқат ва мева-сабзавот, дори-дармон, тиббиёт маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, шу мақсадда юк ташиш ва транспорт коммуникацияларидан кенг фойдаланиш зарур.

Бу ишларнинг барчаси изчил ҳамкорликда тизимли ташкил этилиши коронавирусга қарши кураш самарадорлигини оширишга, карантин чекловлари оқибатида юзага келган турли қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишга, қардош халқлар ўртасида ўзаро ғамхўрлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, биргаликда ва ҳамжиҳатликда курашилса, ҳар қандай офату қийинчиликлар албатта чекинади.


Улуғбек ИНОЯТОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш