Синов даврдаги асосли хулосалар!

 

Бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган ва сезиларли иқтисодий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлаётган коронавирус офатининг олдини олиш, халқимиз хаётига таъсирини камайтириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тез ва самарали чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимиз учун осон бўлмаган шундай синов даврида баъзи юртдошларимизнинг карантин қоидаларига риоя қилмасликлари, баъзиларининг карантин шароитидан норози бўлишлари, баъзиларининг эса уларга берилаётган моддий кўмак-озиқ-овқат махсулотларининг миқдори камлигига урғу беришлари, кинояли гаплари ва бошқалар биз ҳали аҳолимиз орасида ватанпарварлик, хамжихатлик, бирдамлик, маънавий баркамоллик соҳасида кўп ишларни амалга оширишимиз лозимлигидан дарак беради.

Юқоридаги ҳолат бир томондан, биз жуда примитив ва тор ўйлайдиган, шунчаки фақат ўзимизни, қорнимизни ўйлайдиган қатламга айланиб бормаяпмизми деган саволни ўртага ташлашга ундайди. Аммо, бундай саволни қўйиш ноўрин бўлади, чунки ўлкамизда тўкин-сочинчилик! Бозорда ва хаётда ҳам талаб ва таклиф доимо ёнма-ён юради. Биз талаб қилишимиз баробарида ҳеч бўлмаганда "мен нима қилдим" деган саволни қўйиб карантин қоидаларига риоя қилиш, халқимиз ва ватанимиз манфаатларини ўйлашни ҳам билишимиз лозим. Чунки, дунё миқёсида ҳам бу вируснинг кўпайиш суръати у бўйича шароит яратиш суръатидан бир неча баробар юқори. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда бу офатнинг олдини олиш бўйича тезкор ва самарали чоралар кўрилмоқда. Жумладан, баъзиларига эътибор қаратмоқчиман:

1. Бу тадбир орқали коронавируснинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиш эҳтимоли юқори бўлишига қарамасдан хорижий давлатларда ночор ахволда бўлган ва мамлакатимизга қайтиш истагида бўлган кўпгина фуқароларимизнинг ортга қайтиши таъминланди;

2. Уларнинг барчасини давлат томонидан карантинда ушлаш имконияти яратилди ва амалга оширилмоқда;

3. Коронавирус юқтирган аҳолимизга нисбатан зудлик билан муносабат билдирилиб, уларни даволаш чоралари йўлга қўйилди;

4. Бир неча минг кишини даволаш имкониятига эга бўлган замонавий касалхона қуришга устивор эътибор қаратилди;

5. Иқтисодий жиҳатдан зарар кўришимизга қарамасдан аксарият субъектлар фаолияти, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, бозор муносабатлари чекланди;

6. Кичик бизнес, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга солиқ, кредит ва бошқа имтиёзлар бериш масаласига эътибор қаратилди;

7. Аҳолининг кам таъминланган қатламини моддий қўллаб-қувватлаш каби чоралари кўрилиб, озиқ-овқат етарлилиги, тинчлигимиз ва осойишталигимиз таъминланиб аҳолимизнинг хаётини муҳофазалаш чоралари кўрилмоқда. Мана шундай шароитда оддий озиқ овқат, моддий кўмак тариқасида етказиб берилаётган махсулотларга нисбатан беписандлик ёки ношукурлик қилиш, карантин қоидаларини бузиш кабилар халқимизга хос бўлмаган ҳолат. Шу жиҳатдан, моддий кўмакни менсимаган инсон ҳақиқатда ёрдамга муҳтожми деган савол туғилади. Чунки, ёрдамга муҳтож инсон учун сизнинг оддий эътиборингиз ва унинг аҳволини яхшилашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатингиз у томонидан ижобий баҳоланади ва у сиздан миннатдор бўлади, сизни дуо қилади.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, яқиндагина ўнлик саноғида бўлган вирус юқтирганлар сони бугун 12 апрель эрталабда қарийиб 800 кишини ташкил этмоқда. Бу касалларни даволаш ҳам давлатимиз зиммасида. Шундай экан, биз талаб қила олиш кўникмамиз қаторига ёнма-ён қилиб карантин қоидаларига риоя қилишни, ватанпарварликни, бирдамлик, ҳамжиҳатлик, инсофлилик ва инсонийлик, ўзаро ёрдам ва қонун устиворлиги каби инсоннинг сифат кўрсаткичларини қўйишни ҳам ўрганишимиз лозим!


Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Фахрийлар Кенгаши раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор.

Теглар

Фахрий
← Рўйхатга қайтиш