“Ногирон болалар таълимдан узилиб қолмаслиги керак...”

Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича ижобий натижалар, мавжуд муаммолар нималардан иборат? Уларнинг ечими учун нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Жиззах вилоят партия кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган амалий семинарда шу масалаларга эътибор қаратилди.

Тадбир жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш, шу асосида партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси учун ҳаётий таклифларни шакллантириш мақсадида ташкил этилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, депутатлар ҳамда партия аъзолари иштирок этди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов партиянинг янгидан тайёрланаётган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари ҳақида гапириб ўтди:

– Ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш бўйича партия ташкилотларининг амалий ишларини кучайтириш бугун олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.

Шундан келиб чиқиб, партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Хусусан, унда  ёлғиз қариялар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз ногиронларнинг ҳаётий эҳтиёжлаарига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Берилган таклифлар асосида партиямиз дастурий ҳужжатларига “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида истиқомат қилувчилар учун оиладаги билан бир хил шароит яратиш бўйича етарли даражада бюджетдан молиялаштиришни таъминлаш масаласини ҳам киритдик. Ҳозир жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ яна бир қатор таклифлар устида ишлаяпмиз.

 

Ўрал Уразбоев, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти Кенгаши раиси:

– Қонунчиликка кўра, давлат ногиронларнинг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжларини ҳисобга олади, ногиронларни реабилитация ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тегишли дастурларни амалга оширади, ногиронларнинг жамият ҳаётида қатнашиши учун шароит яратади, улар камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўради.

Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ногиронларга ҳар йили ортопед-протез воситалари, уч мингта ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва қўлтиқтаёқлар олиб берилмоқда.

Бизнинг фикримизча, мутасадди давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ногирон болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароит яратишни кўзда тутиши керак. Очиғини айтиш керак, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмас. Тўғри, ногиронларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш қисқа муддатда маълум ташкилотларнинг сайъ-ҳаракати билан бўлиши қийин. Шунинг учун партиямиз ташкилотлари, фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз ҳамкор ва масъул ташкилотлар билан биргаликда ишлаши зарур. Ногиронларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилса, чиқарилган хулосалар асосида маҳаллий Кенгашлар сессияларига масалалар киритилса, мавжуд вазият ва истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилса, керак бўлса, биз бу борада парламент назоратини кучайтириш бўйича ташаббусларни илгари сурсак, амалий натижалар кўпроқ бўлади, деб ўйлайман.

Назаримда, партиямизнинг дастурий ҳужжатларида инклюзив таълимни ривожлантириш, ногиронлар учун махсус дарслар ташкил этиш, замонавий ва самарали таълимнинг имкониятларидан фойдаланиш масаласига эътиборни янада кучайтириш лозим.

Семинар сўнгида иштирокчилар Жиззах вилоят ногиронлар реабилитация маркази моддий-техник таъминоти, муассаса даволанаётганларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Муассасанинг протез ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари билан таъминланиши ҳамда санитария гигиена ҳолати ўрганилди. Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммоларни ечиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдириб ўтилди. Шу асосида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

 

Тадбир сўнггида партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари М.Дархонов бир таклиф чиқди:

– Фикримча, жисмоний имконияти чекланган болаларни узлуксиз таълимга жалб қилиш ишларини янада кучайтиришимиз керак. Бу борада ота-оналар, педагоглар учун семинарлар, ўқувлар ташкил этишимиз керакдир балки. Чунки, айрим ота-оналарнинг эътиборсизлиги билан ногирон болалар таълимдан узилиб қолаётган ҳоллар ҳам учраб турибди...

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш