Қишлоқ хўжалиги ерларини иккиламчи ижарага бериш тартиби белгиланмоқда, лекин...

 

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа бўлиб, бозорларимиз файзу баракаси, ҳаётимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Юртимиз аҳолисининг кўп қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади, уларнинг асосий даромади ер билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали кўплаб оилалар бандлигини таъминлаш имкониятлари катта ҳисса кўшмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ер участкасини вақтинча фойдаланиш учун бериш шаклини амалиётга жорий қилиш юзасидан қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Шунга асосан ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ерларни иккиламчи ижарага бериш тартиби тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Унга асосан фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси ёки унинг бир қисмини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга иккиламчи ижарага бериши мумкин.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ер участкалари ёки уларнинг бир қисми муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга берилиши мумкин.

Шартнома қандай тузилади? Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда ўрмон фонди ерларини иккиламчи ижарага бериш шартномаси ердан ёки ўрмондан фойдаланувчи томонидан ўзига тегишли бўлган ер участкасини ёки унинг бир қисмини шартномада белгиланган мақсадларда вақтинча фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ҳақ эвазига иккиламчи ижарага бериш ҳақидаги ёзма келишув ҳисобланади.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг бекор бўлишига олиб келади.

Бу янгиликлар муҳим, лекин янада ҳуқуқий енгилик бериш, томонларнинг манфаатлари кафолатини мустаҳкамлаш зарур. Бунинг учун қуйидаги таклифларни ҳисобга олиш муҳим.

Биринчи таклиф. Қонун лойиҳасига мувофиқ, ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга ҳақ эвазига иккиламчи ижарага бериш ёзма келишув орқали расмийлаштирилади.

Эҳтиёжманд, ишлашга иштиёқи баланд оилалар камбағалликдан чиқишига ёрдамлашиш мақсадида ушбу тоифадаги оилаларнинг 30 ёшгача бўлган фарзандларига ерлар имтиёзли ҳақлар эвазига ижарага берилиши керак, деб ўйлайман. Албатта, бу борада аниқ ва шаффоф механизм яратиш қийин, лекин буни барибир ўйлаб кўриш зарур.

Иккинчи таклиф. Қонун лойиҳасига кўра, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш шартномасининг бекор бўлишига олиб келиши назарда тутиляпти. Буни тўғри эмас, деб ҳисоблайман.

Нега? Агарда жисмоний ёки юридик шахс томонидан фермер хўжалигидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида расмийлаштирилган ер участкаси ҳосил пишиб етилгунга қадар бирламчи ижарачи, яъни фермер хўжалиги билан тузилган шартнома қандайдир сабаблар билан бекор қилинадиган бўлса, бундан иккиламчи ижарачи жабр кўрмаслиги керак. Чунки, унинг шартномаси бор, у ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар учун жавоб бермаслиги муҳим.

Шу боис, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш бўйича тузилган шартнома муддати тугагунга қадар тўлиқ амал қилиши, иккиламчи ижара шартномаси бекор бўлишига олиб келмаслиги керак.

Иккиламчи ижарадан асосан эҳтиёжманд кишилар фойдаланишини ҳисобга олишимиз, шундан келиб чиқиб, фракциямиз билан бу таклифни қатъий туриб ҳимоя қилшимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракция аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш