Хазинанинг калити қўлимизда...

 

Азал-азалдан халқимиз ер билан тиллашиб, унга меҳр бериб яшаган. Уни муқаддас билиб, ризқ-рўз манбаи, деб эъзозлаган. Халқимизнинг буюк ёзувчиси Абдулла Қодирий бобомиз ҳам гўзал ижод қилиш билан бирга, уста боғбон, миришкор деҳқон бўлган.

У киши, масалан, картошка экиш учун биринчи йили ернинг бир томонида одам бўйи келадиган қилиб узун чуқур қазар эканлар. Сўнг ерни чопганда, тупроқни ҳовуз томонга суриб, ернинг иккинчи томонида чуқур пайдо қиларкан. Кейин катта жўяк олиб картошка экаркан, картошка униб чиққач, ўсгани сайин уни кўмиб тепага чиқараверар экан. Картошкаларни кўмиш шу даражага етар эканки, қазилган чуқурда бемалол бекинмачоқ ўйнаса бўларкан. Йиғим-терим маҳалида ҳар бир тупдан челак-челак ҳосил олган эканлар ёзувчи бобомиз.

Иккинчи жаҳон урушининг қақшатқич йилларида бобо деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати ғалабани яқинлаштиришга, дастурхонлардан нон аримаслигига хизмат қилган.

Қиссадан ҳисса шуки, юртимиз азал-азалдан деҳқончилик илми ва маданиятини яратган, ерга жонини тўшаб, юрак қўрини бериб меҳнат қилувчи ҳақиқий деҳқонлар ватанидир. Ҳозирги кунда 4,5 миллион гектар ерда деҳқон хўжалиги, 435 минг ер гектар томорқа эгалари зиммасида. Ердан унумли фойдаланиб, дастурхонларимизни файзли, бозорларимизни тўкин қилиш вазифаси турибди.

Президентимиз карантин чекловларининг ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётига, рўзғорига салбий таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида давлатнинг бутун куч ва имкониятларини сафарбар қилиб , бу борада шахсий томорқа эгалари масъулиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Албатта, аксар юртдошларимиз томорқани қаровсиз қолдираётгани йўқ, ҳар доимгидек сидқидилдан меҳнат қиляпти. Шунинг самараси ўлароқ, бозорлар янги карам, янги пиёз ва бошқа маҳсулотлар билан тўляпти. Деҳқоннинг чўнтагига пул кира бошлади, нарх-наво арзонлашди, элнинг дастурхонига файз кирди. Биргина Сурхондарё вилоят миришкор деҳқонлари мисолида оладиган бўлсак, улар жўнатаётган арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари пойтахтликлар учун айни муддао бўлмоқда.

Бугун уйда ўтириб, томорқамизга қараб кўнглимиз яйрамоқда. Кафтдеккина жойга экилган қулупнайларимиз, лимонларимиз гул кўрсатди. Бир сайловчим куни-кеча эккан ловияси униб чиққанини хурсанд бўлиб айтиб берди. Яна бири уч сотих томорқам бор, ҳеч эътибор бермас эканман, хазинанинг кони экан, ўғилларимга жўяк қилдириб, кади, булғори қалампир, мош, тарвуз-қовун экиб ташладим, уларга ишлов бериб, уйдаги кунларимиз мазмунли ўтмоқда, ҳам эртанги ҳосилни ўйлаб димоғимиз чоғ, дуркун ўсаётган кўчатларга қараб умидимиз ҳам бўй чўзмоқда”, дейди.

Афсуски, орамизда ўн-ўн беш сотихлаб томорқаси бўла туриб, таъбир жоиз бўлса, хазинанинг устида ўтириб, рўзғоримда у йўқ, бу йўқ деб ҳасрати доғ, шикоят қилиб кунини беҳуда ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас. Аслида бир парча ери бор одам аввало ўзи учун ўзи интилиб яшаши, меҳнат қилиши керак. Бунинг учун керакли шароит яратилмоқда.

Албатта, бу танганинг бир томони.

Унинг иккинчи томони ҳам бор. Томорқа ер эгаларининг бозорбоп, ҳосилдор уруғлар экишлари, бу экинларга ўз вақтида сув ва озуқалар беришлари учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлар уларга етиб бораяптими?

Маҳаллий ҳокимликлар, мутасаддилар бу масалага етарлича эътибор қаратаяптиларми? Мана, ҳозир карамлар, пиёзлар пишиб, етилиб бозорга чиқадиган пайт, ҳадемай картошка чиқади. Деҳқон ўз меҳнатининг ҳузурини кўриши, ҳосилдан даромад олиши учун уни сал фойда кўрадиган, меҳнатига куймайдиган нархда сотиш имкониятига эга бўлиши керак. Деҳқончилик маҳсулотлари ўз вақтида сотилмаса, сифати тез қочади, нархига ҳам таъсир қилади ва алал-оқибат деҳқоннинг ҳам қўлини совитади.

Қарс — икки қўлдан”, дейишади. Бугунги кунда ердан, томорқадан унумли фойдаланиш долзарб мавзу бўлиб турибди. Бу борада Президентимиз томонидан қўйилган устувор вазифаларга маҳаллий раҳбарлар ҳам, томорқа ер эгалари ҳам, барчамиз масъулият билан қарашимиз шарт.

Бинобарин одамлар кам бўлмаслиги, бугунги коронавирус туфайли юзага келган ташвишли вазиятда халқимизга ортиқча оғирлик етмаслиги учун ҳар биримиз қўлимиздан келганича ҳисса қўшишимиз ҳам фарз, ҳам қарз, деб биламан. Бу имкониятлардан бири бир парча еримиз, томорқамиздир. Ер – хазина, унинг калити ўзимизда эканини унутмайлик, азиз юртдошлар!


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш