Деновликлар орзиқиб кутган ҚАРОР

 

Агар яхшилаб разм солсангиз кейинги йилларда мамлакатимизда Президент томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар албатта маълум бир соҳа ёки ҳудудни ривожланишига, одамларнинг оғирини енгил қилишга пировардида муаммоларга реал ечим бўлмоқда.
 
Демоқчи бўлганимиз, қабул қилинаётган ҳужжат ҳужжат учун эмас, балки инсонлар ҳаётини том маънода ижобий томонга ўзгартирмоқда.
 
Сабаби, Президент томонидан қабул қилинаётган Фармон ёки Қарор пухта ўйланиб, шошилмасдан энг асосийси, жойлардаги реал ҳаётни ўрганган ҳолда имзоланмоқда.
 
Сўзимнинг исботи, 2019 йилнинг 17-18 октябрь кунлари Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Денов туманида бўлиб, бир қатор объектлар ҳамда туманнинг бугунги ҳаёти билан танишди. Вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Денов туманини ривожлантириш бўйича алоҳида Қарор қабул қилиниши таъкидланди.
 
Ўтган вақт давомида ушбу қарорни қабул қилиш бўйича Президент Администрацияси раҳбари, вазирлар, қўмита раислари, агентлик, уюшма каби Республика ташкилотларининг раҳбар ва вакиллари бир неча кун ҳатто ҳафталаб Денов туманида бўлиб аҳолининг яшаш аҳволини ўрганишди.
 
Жорий йилнинг 9 апрел куни деновликлар кутган ҳужжат “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4667-сонли Қарори қабул қилинди.
 
Қарорда таъкидланганидек, ҳозирги Денов тумани ҳудудида жойлашган кўҳна Чағониён қадимги даврлардан буён йирик иқтисодий-маданий марказ бўлган.
 
Вилоятнинг энг кўп, яъни 385 мингга яқин аҳолиси истиқомат қилаётган Денов туманининг Бош режасига ўз вақтида урбанизация нуқтаи назаридан ёндашилмаганлигидан туман марказига кириш ва чиқиш учун йўлларнинг торлиги, инфратузилма тармоқлари етарли эмаслиги бугунги кунда жиддий муаммолар туғдирмоқда. Айниқса шаҳардаги деҳқон бозори атрофи бутунлай издан чиққани ҳақиқат.
 
Мазкур муаммоларни ҳал этиш, шунингдек ижтимоий, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича қарорнинг чора-тадбирлар дастурига асосан 7 банд ва 16 йўналиш бўйича жами 505 та лойиҳани амалга ошириш учун 3 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланган.
 
Хусусан, туманда саноат(51 та лойиҳа), хизмат кўрсатиш(46), қишлоқ хўжалиги(50), йўл-транспорт(67), ичимлик суви ва канализация(11), электр энергия(105), газ(22) таъминоти, ахборот-коммуникация(2), мактабгача таълим(51), умумтаълим мактаблари(17), соғлиқни сақлаш(9), спорт(4), маданият(3), ободонлаштириш(38), кўп қаватли уй-жойларни қуриш(4) ва иситиш тизими(5), тадбиркорлик ҳамда туризм каби соҳаларни ривожлантириш ишларини кенг кўламда уч йил давомида амалга ошириш кўзда тутилган.
 
Шу билан бирга, дастур доирасида белгиланган ҳар бир лойиҳани ўз муддатида ва сифатли бажарилиши учун Президент Администрацияси раҳбари бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи тузилган. Республика ишчи гуруҳи томонидан дастурни амалга ошириш бўйича мониторинг олиб бориш, бу борада юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ҳар ойда бир марта Денов туманида, ҳар чоракда бир марта Республика даражасида муҳокама қилиб бориш белгиланган.
 
Қарорга асосан Денов тумани ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янги намунавий тузилмаси тасдиқланган бўлиб, энг асосий ўзгаришлардан бири Денов шаҳрини комплекс ривожлантириш масалалари бўйича ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилган.
 
Ушбу ҳужжатга асосан, туманнинг Бош режасига мувофиқ деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари, йирик саноат корхоналари, марказий жоме масжиди туман марказидан ташқарига кўчирилиши белгилаб ўтилган.
 
Шаҳарсозлик талаблари асосида туман маркази янги қиёфа касб этиб, замонавий кўп қаватли уй-жойлар, кўрам савдо ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш объектлари, “ақлли бекат”лар қурилади.
 
XVI-асрда бунёд этилган аммо бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган “Саид-Оталиқ” мадрасаси мажмуаси ҳамда “Хожа Алоуддин Аттор” меъморий обидалари таъмирлаб тикланади.
 
Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 4р-108 “Денов айланма йўли”, М-41 “Бишкек-Термиз-Душанбе” автомобиль йўлини боғловчи темир йўл устидан ўтувчи ҳамда туман марказидаги “Гулистон” ва “Лолазор” маҳаллаларини боғловчи Қизилсув дарёси устидан ўтувчи янги кўприклар қурилади.
 
Яна бир муҳим масала, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларини тадбиркорлик ҳамда касбга ўқитиш бўйича 2020 йил 1 сентябрига қадар Денов туманидаги мавжуд бўш турган бино ва иншоотлар негизида “Ишга марҳамат” мономаркази ва касбга тайёрлаш марказлари ташкил этилади.
 
Шунингдек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида бўш турган ер майдонларида жорий йилнинг 1 июлига қадар камида 3 та тегишли инфратузилмага эга бўлган кичик саноат зонаси барпо этилади. Бу ўз навбатида ишсизлар ва меҳнат бозорига кириб келадиган ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.
 
Туманда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички йўллар, боғча ва мактабларни қўриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда кичик саноат зоналарига коммуникация тармоқларини ўтказиш мақсадида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 50 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.
 
Умуман мазкур ҳужжат деновликларни бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммоларини ҳал бўлишига, қулайликлар яратилишига ва ҳудуднинг янгича қиёфа акс этишида хизмат қилиши шубҳасиз.
 
 
Фирдавс ШАРИПОВ,
84-Денов сайлов округидан сайланган
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш