Ҳамжиҳатликда гап кўп

 

Бутун жаҳонни оғир аҳволга солиб қўяётган, манаман деган давлатлар иқтисодини издан чиқариш даражасига олиб келган тожсимон вирус пандемияси шароитида Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан белгиланган чоралар ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак деган эзгу мақсад асосида олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, эълон қилинган карантин шароити учун белгиланган тартиблар барча учун бир. Унга қатъий риоя қилсаккина бу балои офатни тезроқ бартараф этамиз. Бунинг учун барча жойларда кенг тарғибот тадбирлари ўтказилди ва аҳоли уйда қолиши таъминланаяпти. Айни пайтда аҳоли эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини бевосита жойларга кўчма дўконлар орқали етказиб бериш ва шу билан бирга нархларнинг сунъий ошиб кетмаслигига йўл қўймаслик масъуллардан мунтазам назорат олиб боришни талаб қилаяпти.

Айнан аҳоли эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқатга гап бориб тақалганда бошқа яна бир муҳим масала ўртага чиқади. Пандемиянинг айни экиш мавсумига тўғри келиши халқимизнинг эртанги рисқи тақдирини ҳам хавф остида қолдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Ерга уруғ қадаш муддатларини ўтказиб юбориш кузда ҳосил тақдирига кескин таъсир қилишини яхши билган фермерларимиз бор имкониятларини ишга солиб, мавсумни тез ва сифатли ўтказиш ҳаракатидалар. Бунда, албатта карантин қоидаларига қатъий риоя қилинаяпти. Экишда қатнашаётган механитазор ва ишчилар тиббий ниқоблар билан таъминланган, техникалар мунтазам дизенфекция қилинаяпти.

Президентимиз яқинда ўтказган йиғилишида темир интизом ва юксак масъулият билан кечаю кундуз иш давом этиши кераклигини қайд этдилар. Бунда жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ўрни ва хиссаси бўлиши керак. Агар шифорларимиз беморларни оғриғига малҳам бўлаётган бўлса, ватан ҳимоячиларидан жамоат тартибини қалқон каби сақлаш керак. Сизу биз эса, ўрнатилган тартиб ва қодиларни амал қилиб,фойдали ишлар билан банд бўлишимиз керак. Масалан, томорқа жуда катта даромад манбаи.

Бугун аҳолимиз ихтиёрида бўлган томорқа ва қўшимча томорқаларда ўз вақтида полиз ва сабзавот экинларини экиш, уларни бехато униб чиқишини таъминлаш, парваришлаш ғоят муҳимдир. Бутун жаҳонни забтига олган пандемия шароитида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кескин ошиши шубҳасиз. Аҳоли ўз томорқасидан унумли фойдаланса ҳам ўз оиласи эҳтиёжини қоплайди, ортиқчасини бозорга чиқаради. Бу эса бозорларимиз тўкин ва нархлар мўътадиллигини таъминлайди. Бунинг учун ҳозирги шароитда аҳоли ўз томорқасида бирор қарич ер қолдирмаслиги, керакли экинларни ўз вақтида экиши керак. Бунда ҳам, албатта карантин қоидаларига риоя қилиш, кўпчилик бир жойга тўпланмаслик, ишлаётганда оралиқ масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиш кабилар талаб қилинади.

Эрта эккан эрта хирмон кўтаради. Буни томорқаси бор ҳар бир фуқаро қатъий англаб етмоғи керак. Бу аввало оиласи учун зарур, қолаверса шаҳарларда яшовчи аҳоли эҳтиёжи учун ҳам керак.

Маҳаллалар масъуллари ўз ҳудудларида томорқа ва қўшимча томорқаларда экин экишни қатъий назоратларига олсалар, шу билан бирга хонадон эгаларини зарур техникалар билан ўз вақтида таъминлаш, уларга минерал ўғитларнинг кўчма савдосини ташкил қилишни йўлга қўйсалар, Президентимиз олдимизга қўяётган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажарган бўламиз. Бу билан эртанги кунимиз ғамини ҳам еймиз!

Вақт кутиб турмайди! Айниқса, экиш мавсумида. Демак, бу борада вақтдан ўзиб ишларни ташкил қилиш, бир сўз билан айтганда, ҳамжиҳатлик ва ташкилотчилик зарур!

 

Зайнаб МАШАРИПОВА,

Халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш