Ипак қурти боқиш ҳам оилавий меҳнат, ҳам қўшимча даромад

 

Баҳор ойининг дастлабки кунлариданоқ қишлоқ аҳолисининг ҳаёти анчагина жонланиб қолди. Томорқаларда, шу билан бирга, далаларимизда экин-текин ишлари қизғин паллага кирди. Бобо деҳқонларимиз ўз ерларидан самарали фойдаланиб, ундан мўл ҳосил олиш учун бор куч-ғайратларини ишга солаяпдилар.

Айни кунларда қишлоқ аҳолисида ўз оиласини моддий манфаатдорлигини ошириш учун яна бир масъулиятли палла, яъни ипак қурти боқиш ва ундан мўл ҳосил олиб, оилавий даромадини ошириши мумкин.

Халқимиз пиллачилик билан азалдан шуғулланиб келади. Бугун ҳам юртимизда ипак қурти боқиш ҳадисини пухта ўзлаштирган оилалар кўп. Улар оддий шароитда ҳам ҳар қути ипак қуртидан 65 килограмдан ошириб сифатли ҳосил етиштиради.

Жаҳон ипак бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб бораётганлиги ўз навбатида мамлакатимизда пилла етиштириш ҳажмини босқичма-босқич оширишни тақозо этмоқда. Пилла сифатини яхшилаш, боқилган ҳар бир қути қуртдан олинадиган пилла ҳосилини имконияти борича ошириш бир қатор агротехника ва ташкилий тадбирларга амал қилишни талаб этади. Жонланиб чиққан қуртларни тарқатиш ва қурт боқувчиларга ўз вақтида вақтида етказиб бериш пиллачиликнинг энг масъулиятли жараёнларидан ҳисобланади. Чунки, янги жонланиб чиққан кун ўша заҳоти қурт боқувчиларга топширилиб, уларни боқиш бошлаб юборилмаса, 1 сутка қолиб кетган бир қути қуртдан 5000-7000 дона, 2 сутка қолганда 10000-13000 дона, 3 сутка қолиб кетганда 20000-25000 дона қурт нобуд бўлиши мумкин.

Оқибатда пилла ҳосилининг сезиларли қисмини мавсумнинг бошидаёқ йўқотилиши ва бараканинг учишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимизда давом этаётган синовли кунлардан самарали фойдаланиш, айниқса, қишлоқ аҳолисининг жуда кўп қисми ҳозирги кунда ишсизлигини инобатга олсак, ипак қурти боқиш айни кунларда қўшимча даромад олишнинг энг қулай манбаи бўлади десак, асло муболаға бўлмайди.

Пиллачилик оилавий меҳнатни талаб этади. Иш кўпайиб, оилавий муросасизликлар камаяди. Ҳаёти давомида ипак қурти боқиш билан шуғулланган бувим доимо: “Ипак қурти чилги ҳосил, уни боққан одамнинг хазинасига барака қўшилади. Ипак қуртининг ҳаёти том маънода ибрат ҳам. Ипак қурти ўзининг ҳаётини гаровга қўйиб пилла ўрайди ва охир оқибат ҳарир капалакка айланади. Бунда Яратганнинг инояти кўп, ўзгача бир маъно бор”, деб хикоя қилиб берар эдилар.

Ҳозир ҳеч кимга осон эмас, меҳнат кўнгилни ёритади, кайфиятни кўтаради.


Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш