Ўрол ЎРАЗБОЕВ: Муаммолар ечимида бирдамлик муҳим

 

Томорқага қарасангиз, меҳрингизни берсангиз кони фойда. Шу маънода, уни даромад манбаи, фаровон турмушимиз кафолати, десак янглишмаймиз. Бу ҳақда, яқинда Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида айтиб ўтилди. Нафақат айтиб ўтилди, балки бугун-эрта бажариладиган ишларга, айниқса, ҳозирги карантин даврида ундан ҳар қачонгидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Тегишли вазирликлар зиммасига бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилди.

Дарҳақиқат, бугун озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли даромадларини ошириш долзарб вазифа сифатида юзага чиқаётган экан, бу жараёнга ҳеч ким четдан қараб туриши керак эмас. Аксинча, ўз ташаббуси билан жараённи тезлаштиришга, ишларни самарали ташки этишга муносиб ҳисса қўшмоғи лозим. Шундан келиб чиқиб, биз депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори асосида тасдиқланган Тадбирлар режаси ижросида мунтазам иштирок этамиз. Унда белгиланган вазифалар бизни фермерлар, кластерлар вакиллари, томорқа ер эгалари билан биргаликда ишлашга ундайди.  Зеро, бугун дунёда озиқ-овқат тақчиллиги сезилмоқда. Коронавирус пандемияси уларга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шундай экан, барчамиз бир мушт бўлиб, бирикиб, томорқа ерлардан самарали фойдаланишга киришишимиз шарт.

 

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш