Ўқитувчини қонун ҳимоя қилиши керак

 

Ўқитувчи мақомининг юқори нуфузга эга эмаслиги, унинг ҳуқуқий ҳимояланмаганлиги ҳамда фаолиятининг дахлсизлигини кафолатланмаганлиги таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга имкон бермайди. Бугунги кунда Президентимиз томонидан олиб борилаётган таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шундан иборат.

2019 йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселекторда кўтарилган масалаларни тарихий аҳамият касб этади деб атасак, асло муболаға бўлмайди. Мазкур видеоселекторда бола тарбиясида ота-онанинг масъулиятини кучайтириш, уларнинг бу борадаги жавобгарлигини ошириш, ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига путур етказувчи шахсларга нисбатан жавобгарликни ошириш ва бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан зарурий чоралар кўриш вазифаси белгиланган.

Сўнгги йилларда таълим сифатини оширишга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилиши натижасида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни олди олинди, ойлик маошлари оширилди, турли ортиқча ҳужжатбозликлар камайтирилди. Шунинг билан бир қаторда уларнинг ижодкорлик, яратувчилик қобилиятлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Бироқ, жамиятимизда эътибор берилиши лозим бўлган, ўз ечимини кутиб турган қатор масалалар мавжуд. Яъни, ота-оналар томонидан ўқитувчиларнинг камситилиши, дарсдан, таълим жараёнларидан ташқари ҳолатда ўқувчилар томонидан содир этилган хуқуқбузарликлар учун педагогларни жавобгарликка тортилиши каби иллатлардир. Бу ўз навбатида ўқитувчиларни ҳимоя қилишдаги ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқишни талаб этади.

Айни пайтгача болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлик учун “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 47–моддасида жавобгарлик белгиланган бўлишига қарамасдан, сўнгги йилларда ҳуқуқбузарликларни содир этиш ҳолатлари аксинча кўпайиб бормоқда.

Мисол учун, 2017 йилда 47-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари бўйича 644 нафар шахсга нисбатан 485 та иш кўрилган бўлса, 2018 йилда 1 132 нафар шахсга нисбатан 998 та иш кўрилган.

Ўз навбатида, 47-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари бўйича
2018 йилда 118 нафар шахсга нисбатан 117 та иш кўрилган бўлса, 2019 йилнинг 6 ойи давомида 58
нафар шахсга нисбатан 58 та иш кўрилган.

Шуни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳасида мазкур моддада белгиланган санкция миқдорларини янада ошириш таклиф этилди. Хусусан, модданинг биринчи қисмида жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, иккинчи қисмида – беш бараваридан ўн бараваригача, учинчи қисмида – ўн бараваридан ўн беш бараваригача, тўртинчи қисмда ўн беш бараваридан – йигирма беш бараваригача ошириш белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги
ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси
олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида профессор-ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, ушбу касб жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, профессор-ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги бюрократик омилларни бартараф этиш, талабалар билимини баҳолашда адолатни таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, кодекс янги модда билан тўлдирилиб, мазкур моддада таълим муассасаси педагогик ходимининг таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатишда ифодаланган унинг касбий фаолиятига аралашиш, худди шунингдек таълим муассасаси педагогик ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгилаш, бунда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарималар қўллаш белгиланди. Агар ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарималар белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунини 301-моддаси тўлдириб, унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида 1- ўқишда қабул қилинди. Ушбу қонуннинг кучга кириши орқали эса ота-оналарнинг бола тарбияси учун масъулиятини кучайтиришга, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга эришилади.

Бундай яратилаётган шароит албатта, ўқитувчиларимизнинг ўз касбий вазифаларини юксак даражада адо этишига туртки бўлиши табиий. Ўқитувчиларимиз ўз вазифаларини профессионал даражада бажарса, келажагимиз бўлган ёшларнинг муносиб авлод бўлиб етишиб чиқиши шубҳасиз.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш