Деҳқонни қандай бой қиламиз?

 

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг биринчи даражадаги муаммоси ўз аҳолисини шиддат билан тарқалаётган коронавирус инфекциясидан ҳимоялаш, етказилиши мумкин бўлган талофатни имкон даражасида камайтириш бўлмоқда. Вирус инсонлар ҳаётига хавф солиш билан бирга, жаҳон иқтисодиётига қаттиқ зарба берди, жиддий инқирозга тахмин қилинмоқда.

Давлатлар иқтисодиёти бир-бири билан узвий боғлангани сабабли касаллик тарқалиши оқибатида чегаралар ёпилиши, глобал ишлаб чиқариш занжири узилиши, савдо алоқалари издан чиқиши, нархлар кескин ўзгариши глобал инқироз шаклланишига асос бўлиши мумкин.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бирига айланди. БМТ ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидлаяпти.

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилишга бағишланган мажлисда давлатимиз раҳбари озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Агар соҳага замонавий илмий асосда ёндашиб, иқтисодий қулайликлар яратилса, аграр соҳа, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари барчани озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш, одамлар учун барқарор даромад манбаини яратиб беришга қодир.

Иккинчи томондан, қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг кўп иш ўринлари яратиш имкони бўлган тармоқдир. Бугун дунё аҳолисининг деярли 40 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилади. Бу, айниқса, қишлоқлардаги оилалар учун даромад келтирувчи ва бандликни таъминловчи асосий манбадир.

Давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сиёсати қачон самара беради? Қачонки, маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштирилса, ҳосил бўладиган даромадни ишлаб чиқарувчи ва бошқа воситачилар ўртасида адолатли тақсимлаш тизими жорий этилса, албатта аҳоли бу соҳада астойдил меҳнат қила бошлайди. Айни пайтда мамлакатимизда озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшаяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпаймоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи саналади. Унда 3,6 миллион киши, яъни иқтисодиётда банд бўлганларнинг 27 фоизи ишлайди. Бу рақам қишлоқ хўжалигида меҳнат қилувчиларнинг ҳаммаси дегани эмас, чунки асосий иш ўрни бошқа ташкилотда бўлиб оила даромадининг асосий улушини ўз томорқасида етиштирган маҳсулотлари орқали топаётган фуқароларимиз кўп.

Коронавирус тарқалиши сабабли юзага келаётган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги, аҳолимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли таъминлаб қолиш, уларнинг импорти орқали салмоқли даромад олиш учун мамлакатимизда томорқачилик ҳаракатини тўғри ташкил этиш бугун жуда муҳим.

Аввало билишимиз зарурки, ҳудудларимизда имкониятлар бир хил эмас, шу сабабли имкониятларни, соҳада юзага келган ва келаётган муаммоларни ўрганиш зарур. Баъзи вилоятларда сув тақчиллиги кузатилса, баъзиларида суғориш иншоотлари ишдан чиққанлиги сабабли томорқалардан унумли фойдаланишнинг иложи йўқ. Баъзи ҳудудларда қишлоқ хўжалик техникаси етишмаса, баъзиларида тайёр маҳсулотни сотиш муаммога айланади. Шу омилларни чуқур таҳлил қилишда қуйидагиларга ҳам эътибор қаратилиши керак, деб ҳисоблаймиз:

- Ҳудудлар бўйича томорқаларни суғориш тизимини тартибга келтириш, томорқаларда томчилаб суғориш тартиби жорий қилинишини тушунтириш, рағбатлантириш мақсадга мувофиқ.

- Қишлоқ хўжалик техникаларини ижарага бериш бўйича пухта ўйланган тизим яратиш керак.

- Сифатли кўчат ва уруғлик билан марказлашган ҳолда таъминлаш яхши натижа беради, кейинчалик деҳқон хўжаликлари бу соҳага ихтисослашувини ташкил қилиш муҳим.

- Етиштирилган маҳсулотларни адолатли нархларда сотиб олишни йўлга қўйиш керак. Чунки, етиштирилган ҳосил йиллар давомида яхши нархга сотилмаганлиги сабабли баъзи юртдошларимизнинг қўли ишдан совиб қоляпти.

- Томорқа эгаларини “намунавий семинарлар”да эмас, балки амалда тизимли равишда замонавий агротехника ва бошқа билимлар билан таништириб бориш керак.

- Қишлоқ ҳудудларидаги мактабларда ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб, юқори синф ўқувчиларига факультатив равишда боғдорчилик, иссиқхонада маҳсулот етиштириш, чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари бўйича машғулотлар ўтилиши яхши самара беради.

Инсон ўзи истамаса, унинг бажарган ишида унум ҳам, самара ҳам кам бўлади. Ҳар қандай соҳани ривожлантирувчи куч – меҳнатдан натижа чиқиши ва фойда кўришдир. Ўзбекистон шароитида, айниқса, бугунги мураккаб вазиятда ўзига тегишли томорқадан фойдаланмаётган инсонда қандайдир жиддий сабаб бўлиши мумкин. Масалага тизимли ёндашишда буни ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Ҳудудлар ва соҳалар раҳбарлари деҳқончилик йўналишида ташкилий, ҳуқуқий ҳамда таъминот масаласида ёрдам беришлари лозим. Чунки мақсад ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш орқали эл дастурхонини тўкин қилиш ва аҳоли даромадини кўпайтиришдир.


Мақсуда Ворисова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш